15 июль санаси Туркия ва Турк миллатининг тарихида демократия ғалаба қилган кун сифатида ўрин олди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Аҳмет Башар Шен тўнтаришдан кейин мамлакатда давлатнинг турли бўғинларида фаолият юритган ўн минглаб ходимлар ишдан бўшатилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия тўнтаришни уюштиришда АҚШда яшайдиган Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг ФЕТО террорчилик ташкилотини айбдор деб топганди.
Туркия элчисининг сўзларига кўра, тўнтаришдан кейин ҳукумат ФЕТОнинг мамлакатдаги мактаб, лицей, жамғармаларини, шунингдек, оммавий ахборот воситаларидаги кучларини йўқ қилган.
Ҳукуматнинг қуйи ва юқори давлат лавозимларида фаолият олиб борган гуленчилар эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган.
Ўша мудҳиш воқеада 251 нафар турк фуқаролари ҳалок бўлган. Конституцион тузумга қарши уюштирилган тўнтариш бостирилгач, 15 июль санаси Туркия Республикаси ва турк миллатининг тарихида демократия ғалаба қилган кун сифатида ўрин олди.
Туркия АҚШга Фатҳуллоҳ Гуленни экстрадиция қилиш бўйича бир нечта талабнома юборган, лекин натижа бўлмаган. Негаки Туркия АҚШни Фатҳуллоҳ Гулен террорчилик ташкилоти раҳбари эканлигига ишонтира олмаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Туркия суди тўнтаришда иштирок этган 133 нафарига ҳукм чиқарган. Уларнинг 100га яқини умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган.