Мўътабар Нурмуҳаммедова ўзининг журналистик суриштирувлари орқали нафақат туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг “фаолияти”, балки мантиқсиз ишларга қўл урилганини ҳам таъкидлаб ўтган.
Масалан, 11 ноябрь куни “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали эфирга узатилган “Учбурчак” ток-шоусида намойиш этилган, интернетни ларзага келтирган видеолавҳада ота 4 яшар қизини аёвсиз калтаклагани намойиш этилган эди. Олдинроқ эса ҳуқуқ-тартибот органлари ва “Ўзбекистон” телеканалининг ижодкорлари томонидан Хоразм вилоятидан тайёрлаган видеолавҳа “Ҳовлисида кафансиз кўмилган эр ёхуд қотилликни “яширган” лапарлар...” номли мақола орқали эътиборингизга ҳавола этилган эди.
Бизнинг бугунги мавзумизга тааллуқли видеолавҳалар ҳам, ўз навбатида, муштарийларимизнинг қизғин баҳс-мунозараларига, фикр-мулоҳазаларига сабаб бўлгани рост.
Масалан, “Ўзбекистон” телеканали орқали журналист Барчиной Жўраеванинг “Биз учун муҳим” ток-шоусида билдирилган ошкор-очиқ фикрлар, “Ёшлар” телеканалининг “What’s up” кўрсатувида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашган ўқитувчи Зилола Ҳайдарова ва ушбу кўрсатувда иштирок этган мактаб ўқувчиларининг билдирган фикрлари кишиларни мавжуд айрим муаммолар таҳлилига чорлайди.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан “MY5” телеканали мухбири Мўътабар Нурмуҳаммедова тайёрлаган репортаж аввал TV томошабинларини, сўнгра ижтимоий тармоқ саҳифаларини ларзага келтирди.
Журналист телеканалга келиб тушган мурожаатга асосан Каттақўрғон туманининг “Энам яхши–2” деб номланадиган қишлоғига, аниқроғи 60-сонли умумтаълим мактабининг мазкур қишлоқдаги филиалига ташриф буюради...
Мўътабар Нурмуҳаммедова Самарқанд вилоятида ҳудудининг катталиги, аҳолининг зичлиги ва мавқейи жиҳатидан Самарқанд шаҳридан кейинги ўринда турадиган Каттақўғон шаҳридан 15 километр узоқдаги ҳудудга бориб, ўзи гувоҳи бўлган манзарани “харитадан ташқарига чиқиб кетгандек бўлдик” дея таърифлайди.
Эфирга чиқарилган видеолавҳани кўрган киши, юқорида таъкидланганидек, ҳайратдан қарийб бир аср олдинги пайтга тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини. Қишлоқда 300–400 хўжалик борлиги айтилган, минг нафар киши яшайдиган алоҳи пункидаги аҳвол (тахминимизча) мактабдаги аҳволдан “кам” бўлмаса керак.
Мактаб филиалидаги бошланғич синф ўқувчи ва ўқитувчилари учун “тегишли шароитлар”, “санитария нормалари”, “гигиена талаблари”, “давомат”, “таълим сифати”, “фанлар бўйича олимпиада” ва шунга ўхшаш тушунчалар йиллар давомида ўз аҳамиятини йўқотгандек, аниқроғи бу тушунчалар худди дала-шийпон омборхонасига ўхшаб қурилган мактаб филиалининг дастлабки иш фаолиятидаги кун тартибига умуман тушмаган кўринади.
Журналист тайёрлаган репортажда муаммо изоҳларсиз ҳам “ўзи ҳақида гапирадиган” даражада!
Видеолавҳада филиал биносининг томида “осилиб турган” шиферлар остида ўйнаётган болаларнинг хавфсизлиги умуман унитилгани қайд этилади. Эътибор бериб қарасангиз, айнан филиал биносига кириш жойида, яъни эшик тепасида одатда тунука ёки пластик қоплама билан ёпиладиган жойдаги шиферлар “оқиб” тушаётгандек...
Мўътабар Нурмуҳаммедова ўзининг журналистик суриштирувлари орқали нафақат туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг “фаолияти”, балки мантиқсиз ишларга қўл урилганини ҳам таъкидлаб ўтган. Бу 60-сонли умумтаълим мактабининг бош биноси капитал таъмир режасига тушгани-ю, унинг ўқувчилари “лойсувоқли мактаб” филиали ўқувчиларининг сонидан камлиги!
Мактаб директорини қишлоқ аҳолиси кўрмагани ва танимаслиги — мазкур мактаб филиали ҳақиқатдан ҳам “харитадан чиқариб” юборилганининг исботи...
Видеолавҳани кўрган мухлислар репортаж кузнинг илк иссиқ кунларида тасвирга олинганини пайқашлари мумкин. Демак, тахминимизча, орадан бир неча ой, яъни маълум муддат ўтган. “Qalampir.uz” таҳририяти мазкур видеолавҳада кўтарилган муаммоларга, аниқроғи муаммо ҳақидаги репортаж эфирга узатилганидан сўнг амалга оширилган ишларга қайтади...