...
МЕНЮ
ONLINE TV

Одамлар тиббий хизматдан розими?


14:04, 21.10.2017 Жамият
 8 393

Юқумли касаликлар шифохоналарида даволаниш учун навбат кутишлар, хона ажратилмагани учун йўлакда қўним топиш каби ҳолатлар кишини ранжитмай қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятини бошлаган илк даврларданоқ аҳолининг мурожаат ва шикоятларидан келиб чиққан ҳолда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратди. Бугунгача давлат раҳбари соҳа мутахасислари билан тўрт бор йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишларда оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, шифохона, дорихоналар, патронаж хизмати ва тизимдаги қатор муаммолар кўриб чиқилди. Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш мақсида 30 га яқин қарор ва фармонлар қабул қилинди.
 
Президентнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказган йиғилишида ҳам соҳа олдида турган муаммолар кўриб чиқилган эди.
 
Ўтган галги йиғилишларда Президент “Одамлар тиббий хизматдан рози бўлсин!”, деган эди. Хўш, халқ тиббий хизматдан розими, қилинаётган саъй-ҳаракатлар етарли натижасини беряптими? Энг муҳими, бу натижани одамлар ўз ҳаётида кўряптими? Бу саволларга жавоб беришга ҳали эрта. Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, олдинда қилиниши керак бўлган ишлар талайгина.
 
Бугун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва тизимдаги ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи медиа марказида ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, йиғилишда кўтарилган масалалар, бажарилган ишлар ва олдиндан турган режалар ҳақида маълумот бердилар.
 
Президент таъкидлаганидек, соҳада муаммо ва камчиликлар кўп. Бунга ечим топиш учун фақат раҳбарлар эмас, балки соҳанининг энг қуйи қисмидагилар ҳам хушёр тортиши, гап инсон ҳаёти устида кетаётганини англаши керак.
 
Бу ҳақда сўз очилганда, масаланинг бир учи оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, шифохоналардаги мавжуд шарт-шароит, уларнинг моддий-техник базаси, шифокорлар ва ҳамшираларнинг ойлик маошларига бориб тақалиши турган гап. Боиси иқтисодий таъминот суст бўлган жойдан юқори натижа кутиш қийин.
 
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, муаммоларнинг очиқ-ойдин кўтарилишига қарамай айрим ҳудудларда поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари ва шифохоналарнинг моддий-техник базаси тўла қопланмаган. Кундалик фаолиятда зарур бўладиган қоғоз, қалам ва бошқа буюмларни шифокорлар ўз чўнтагидан харид қиляпти. Хўш, ойлик маош бунга жавоб берадими?
 
Поликлиника ва шифохоналарда фаолият юритаётган ҳамшираларнинг аксарияти 400 минг сўм миқдорида ойлик маош олади. Уларнинг иш вақти эса соат 08:00 дан 17:00 гача. 400 минг сўм ойликка бир ой ишлаган ҳамшира уйига қайтиб, оиласига вақт ажратиш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш ўрнига эшик санайди, уйма-уй юриб беморларга ноқонуний хизмат кўрсатади. Мақсад эса кундек равшан — кўпроқ даромад топиш! Бундай ҳамширадан ўз ишига масъулият ва жонкуярликни, аҳолига сидқидилдан хизмат кўрсатишни, соҳада янгилик қилишга уринишни кутиш мумкинми?
 
Албатта, шифокорлар ва ҳамширалардан халқнинг кўнгли тўлаяпти, дейиш қийин. Бунинг учун тафтиш шарт эмас. Истаган шифохонага бош суқсангиз бемор билан муомала маданиятини унутган шифокорлар, ҳамшираларга кўзингиз тушади.
 
Айрим шифохоналардаги мавжуд ҳолат эса санитария ва эпидемиология стандартларига жавоб бермаслиги ҳам айни ҳақиқат. Айниқса, юқумли касаликлар шифохоналарида даволаниш учун навбат кутишлар, хона ажратилмагани учун йўлакда қўним топиш каби ҳолатлар кишини ранжитмай қолмайди.
 
2016 йилда Ўзбекистонда 806 та тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган эди. 2017 йилда уларнинг сони 2100 тадан ошди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири — бу тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ эканини таъкидлаган эди. Давлат раҳбарининг фикрича, транспорт воситалари ҳали етарли эмас, дори-дармон таъминотида узилишлар мавжудлиги қайд этилди.
 
Тошкент шаҳрида ва вилоятлар марказларида тез тиббий ёрдамнинг фаолиятида сезиларли ўзгаришлар пайқалди. Аммо чекка-чекка ҳудудлардаги вазият ўнгланди, деб айтиш қийин. Айрим ҳолларда тез тиббий ёрдам машинаси учун ёқилғи топилмаётгани юзасидан таҳририятимизга шикоятлар ҳам келиб тушади.
 
Моддий-техник шароитлар қилиб берилди ҳам дейлик, кадрлар-чи, тажрибали кадрлар борми? Бу савол узоқ  сукутни талаб этади. Боиси тез тиббий ёрдамда фаолият юритаётган мутахассисларнинг ҳаммасини ҳам профессионал ва биринчи ёрдамни самарали кўрсата олади, деб айта олмаймиз. Соғлиқни сақлаш вазири иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қайси дори қайси касалликда даво бўлиши тугул, уларнинг номини ҳам билмайдиган тез тиббий ёрдам ходимлари борлиги таъкидланди. Хўш, бундай кадрлар билан биз кўзланган натижага эриша оламизми?
 
Тўғри, ўтган 10 ой давомида олиб борилган ишлар самараси ўлароқ соҳада катта ўзгаришлар бўлди. Буни тан олиб айтиш керак. Энди эса яна ўша саволга қайтамиз: халқ ўзгаришларни сезяптими? Сиз тиббий хизматдан розимисиз?
 
Мавзуга яна қайтамиз. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Алишер Шодмонов Соғлиқ сақлаш вазирлиги Тез тиббий ёрдам Соҳада мавжуд муаммолар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Доктор
15:22 22.10.2017

Мен хам врачман тез ердам ва шошилинч булимларида ишлайман. Моддий таьминот ва Дори дармон етишмовчилиги етарлича хал килинмаган. Олдингидан кура яхщирок. Лекин туну кун хизмат учун олинадиган маош жудаям кам. Яхши кадрлар ва билимли мутахасислар иш жоцларини ташлаб фирмаларга ишга утиб кетишяпти.сабаб Яна уша ойлик масаласида: узи 600-700 минг ойига тулайди кучада ишловчи ишчилардан сал купрок ундан хам Бир кисми иш учун харажатга кетади. Якинда мажбурий обуна йук деб лоф уришганди. Хохлаган давлат ташкилотига киринг мажьуран ариза ездиришади. Бунакаси куз буямачилик кимга кере билмайман. Халк рози киладиган ишлаш учун врачлар ва хамшираларни муаммолари Билан хам кизикишм кере. Ахир асосий ишловчи энг куйи бугим бизмиз



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар