...
МЕНЮ
ONLINE TV

Инсоният номига йўллаган мактубга 15 минг нафар олим имзо чекди!


18:28, 14.11.2017 Олам
 4 996

Тадқиқотчиларнинг огоҳлантириш мактубидаги “башоратлари”, яъни илмий тахминлари қувонарли эмас...

Дунёнинг 184 мамлакатидан 15 минг нафар олим инсониятга иккинчи огоҳлантириш хатини тақдим этди. Мактубда глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари кўрсатилган.
 
Тадқиқотчиларнинг “башоратлари”, яъни илмий тахминлари қувонарли эмас. Инсоният 1992 йил ёзилган биринчи мактубга эътибор қилмаганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилмоқда.
 
“...Биз ўз келажагимизни хавфга қўймоқдамиз. Географик ва демографик номутаносибликда табиат манбааларини тугатяпмиз. Аҳолинининг бу қадар тез ўсиши экологик, ҳатто ижтимоий хавфни юзага келтириши мумкинлигига эътибор қаратмаяпмиз”, дейилади “Жаҳон илмий жамоасининг инсониятга хавотири: иккинчи мактуб” деб номланувчи хатда.
 
Олимларнинг таъкидлашича, биринчи мактуб ёзилгандан буён муаммоларнинг кўлами янада кенгайган ва тезда уларнинг ечими ҳақида ўйлаш керак. “Озон қатламини емираётган омиллар кўрсаткичи ўсаётгани кескин чоралар қўлланишини талаб қилади”, дейилади мазкур мактубда.
 
Тадқиқотчилар инсониятни қутқариб қолувчи ечимларни таклиф қилдилар. Янгиланувчи энергия манбаларига ўтиш, туғилиш сонини камайтириш, табиат бойликларидан меъёрда фойдаланиш, табиат неъматлари билан озиқланиш, одам савдоси, браконьерлик ва ҳоказоларга чек қўйиш шулар жумласидандир.
 
15 минг нафар олим номидан йўлланган мактуб, минг афсуски, ҳозирча мактублигича қолмоқда. Бунга дунё ҳамжамияти етарлича эътибор бераётгани йўқ. Олимларнинг хавотирли мактубига нисбатан ўз фикрини билдирган ўзбекистонлик фуқаро шундай дейди: “Инсоният, яъни Ер сайёраси аҳолиси худди тормоз тизими ишдан чиққан тезюрар поезднинг йўловчиларига ўхшайди... Улар поезд изидан чиқиб кетаётганини ҳам, локомотив бирор қаттиқ жисмга бориб урилиши мумкинлигини ҳам, қисқаси, ҳалокат муқарар эканлиги яхши билишгани ҳолда саросима билан овворалар... Ечим топишга ё фурсат йўқдек, ёки имкон”.
 
Аминмизки, вақти келиб дунёнинг жамики олимлари имзо чеккан учинчи мактубда Сайёрада вазият ҳозиргидан ҳам жиддийроқ бўлади. Одамзод ўз манфаатларининг қулига айланган! Бир сўз билан айтганда, инсониятни жар ёқасига етаклаётган кучларга қарши ҳаракатлар тақсинга лойиқ, бироқ у ҳар сафар мағлуб бўлмоқда...
Нозимахон Абдураҳимова 

Теглар:Инсониятга мактуб Глобал муаммолар Олимлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!