Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари мазкур ҳолатни фош этган.
Унга кўра, 1984 йили Қашқадарё вилоятида туғилган Турғун Муҳаммадиев Тошкент давлат техника университетига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, 7 минг доллар миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинган. У олган пулларининг бир қисмини жиноятдаги шериги Бегзод Шералиевга беришни режалаштирган эди.
Улар биргаликда 3700 доллар эвазига Тошкент Молия институти 2-курс талабаси Шохруҳ Имомовни ғаразли мақсадда ёллаган. Аниқроғи, Шохруҳ абитуриент Жамолиддин Шодмонқулов ўрнига сохта ҳужжатлар билан Тошкент давлат шарқшунослик институтига ўқишга топшириши керак бўлган. Бироқ, режа амалга ошмасдан Шохруҳ Имомов ниятидан қайтганини билдирганда, бундан хабар топган Бегзод Шералиев у билан яна қайта музокарага киришган.
Аслида ушбу ишларни ташкиллаштирган жиноий гуруҳ бошлиғи Зайниддин Эсонов бўлиб, у Тошкент Молия институтидан талабаларни ушбу ишга фаол жалб этиб келган.
Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари мазкур ҳолатни фош этиб, айни пайтда уларнинг фаолиятига нисбатан тергов ишларини давом эттирмоқда.