Гуруҳ аъзолари Афғонистонга “ҳижрат” қилиш учун ғоявий тайёргарлик олиб боришган.
Маълум бўлишича, Когон шаҳрида яшовчи 28 ёшдан 31 ёшгача бўлган олти нафар фуқаро 2017 йил бошида “жиҳодчилар жамоати”ни тузган ва қатор халқаро террорчилик ташкилотларига аъзо бўлиш ва Афғонистонга “ҳижрат” қилиш учун ғоявий тайёргарлик олиб боришган.
Таъкидланишича, қўлга олинганлар доимий равишда террорчилик ташкилотларининг Суриядаги маънавий етакчилари Абдусаллоҳ, Абдуллоҳ Бухорий ва Абдуллоҳ Зуфарнинг чақириқлари билан телефон орқали танишиб борган ва ўрганган. Ўз навбатида, улар чақириқлардаги бузғунчи ғояларни атрофидагиларга ҳам ёйган.
“Жамоат” аъзоларидан Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик мазмундаги адабиётларнинг электрон нусхалари олиб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мазкур қўлланмалар ўрганиб чиқилган. Натижада ундаги ғоялар “жиҳод” ва “ҳижрат”га чақириши, шунингдек, Ўзбекистондаги мавжуд Конституциявий тузумни ағдаришга ундаши маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159, 244-2-моддалир билан жиноий иш очилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.