Пропан газ баллони ёнғиндан келиб чиққан иссиқлик натижасида портлаган.
Натижада беш киши жароҳат олиб касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Нохуш воқеа Бўка туманида чамаси соат 12:30 ларда содир бўлган. Аниқроғи, Алишер Навоий кўчасида жойлашган автошоҳбекат олдидаги “Акфа” маҳсулотларидан қўрилган дўконда аввалига кичик ёнғин содир бўлган.
Ёнғин оқибатида дўконнинг ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарар кўрган ҳамда дўкон ичида бўлган пропан газ баллони ёнғиндан келиб чиққан иссиқлик натижасида портлаган.
Портлаш оқибатида дўкон яқинида бўлган беш нафар фуқаро жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган ва уларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилган. Жабрланганларнинг аҳволи қандайлиги ҳақида аниқ маълумот кўрсатиб ўтилмаган.
Кейинчалик, кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Ҳозирда ҳодиса бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Nexia автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаб кетиши натижасида автомобилнинг ярми буткул йўқ бўлиб кетганди.