Бизнес-марказда иккита кинотеатр ёниб кетган эди, бироқ яна бир кинотеатрда болалар қолиб кетгани аниқланди.
Бинодаги ёнғин натижасида унинг учинчи қаватидаги иккита кинотеатр ёниб кетгани оқибатида у ердаги болалар ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган эдик.
Охирги олинган маълумотларга кўра, бинонинг тўртинчи қаватидаги кинотеатрда ҳам болалар қолиб кетгани айтилмоқда.
Ушбу кинотеатр ёнғин натижасида катта зарар кўрган ва қутқарувчилар у ерга киришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.
Қутқарув ходимлари ҳозирда бинода яна 41 нафар бола қидирилаётганини маълум қилди.
Бундан ташқари шифохонада ёнғинда қолиб кўп миқдорда бурқсиган тутун ютганлар орасида вафот этаётганлар борлиги айтилмоқда.
Россия ФВВ ушбу ёнғин натижасида қурбон бўлганлар сонини 64 нафар деб эълон қилди ва ушбу иш юзасидан масъуллардан тўрт нафари ҳибсга олингани таъкидланди.
Шунингдек, ФВВ ходимлари бинода қолиб кетганларнинг тирик топилишига деярли умид йўқлигини билдиришган.
Маълумот ўрнида, ёнғин оқибатида марказнинг 1500 квадрат метрдан кўпроқ ҳудуди ёниб кул бўлган. Совет Иттифоқи даврида қурилган бинода 2013 йилда очилган савдо марказининг умумий майдоин 23 минг квадрат метрни ташкил қилади.
Айни пайтда савдо маркази эгаси ва хизматчилари сўроқ қилинмоқда. Тергов қўмитаси ёнғин бўйича Жиноят кодексининг учта моддаси асосида жиноят иши очган.
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.
Сўнгги хабарларда Кемеровода яқин соатларда мотам куни эълон қилиниши айтилмоқда.