Мамлакатдаги газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари икки ой муддатдан текширувдан ўтказилади.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбоосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Очилбой Раматов бош-қош бўлади. Қолаверса, табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказиш ҳам алоҳида вазифаси сифатида юкланган.
Хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади. Эслатиб ўтамиз, автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган. 21 нафар йўловчининг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил жароҳан олган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ тергов бошқармаси зиммасига юклатилди ва вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.