Ҳақиқатга тик боқиб айтадиган бўлсак, бирор ҳокимнинг маҳалласини тизза бўйи сув босса борми, уларнинг ҳам фарзандлари кунлаб мактабга бора олмаса ёки сув кечиб юришса нима бўлишини биласизми?
“Очиқ мулоқот”да ижодкорлар томонидан тумандаги мавжуд камчиликлар тасвирга олинган видеолавҳа ҳам намойиш этилди ва ҳокимият вакилларидан бу борадаги ҳолатга изоҳ сўралди. Жумладан , телеканал орқали намойиш этилган ушбу лавҳада Олмазор тумани Гўзалбоғ кўчаси, Қора-қамиш1/2 мавзеси, Форобий маҳалласи Дуторчи кўчасининг йўллари аянчи аҳволга келиб қолгани борасида сўз юритилди.
Видеолавҳада кўчаларда ҳаракатланиб бораётган автомашиналар йўлнинг аксарият қисмини эгаллаган чуқурлардан қочиб юришга мажбур бўлаётганини кўриш мумкин.
Форобий маҳалласи Дуторчи кўчасидаги манзара эса кишини эсанкиратиб қўяди, чунки кўча сувга лиқ тўлган ва у ерда пиёда эмас, балки автомашинада ҳаракатланиш муаммолиги шундоққина кўриниб турибди.
Наҳотки бу борада туман ҳокимлиги вакиллари билишмайди, деб уйлайсиз? Йўқ, аксинча улар бу борада аллақачон хабар топишган, маҳалла аҳли бу борада уларни жуда кўп борада огоҳлантирганини эса кадр орти сўзлар исботлаб турибди.
Бу маҳаллада ҳаво ёмонлашиб, ёмғир ёғадиган бўлса маҳаллани тўлиқ сув қоплагани учун ҳаттоки болалар мактабга бора олмаслиги таъкидланган. Ота-оналар ҳаракат қилиб, резина этиклар кийиб ўз фарзандларини мактабга олиб боришга мажбур бўлишмоқда.
Мамлакатнинг пойтахти, юраги ҳисобланган Тошкент шаҳрида аҳволни бундай эканлигини бировга айтсангиз ишонмаслиги аниқ, боз устига сизни калака қилиши ҳам мумкин, лекин бу видеолавҳа ортиқча изоҳ талаб қилмайди.
Кўрсатув бошловчисининг аҳволнинг бу қадар оғирлиги ва унинг олдини олиш учун қилиниши керак бўлган таъмирлаш ишлари борасидаги саволига эса туман ҳокими оддийгина жавоб берганини кўриб ҳайратга тушасан киши.
Абдуқаҳҳор Тўхтаев — “2018 йил дастурга киритганмиз буни, 2017 йилда бажарилган ишлар бу йил ниҳоясига етди. Етарли маблағимиз бор, бу кўчаларни ҳам 2018 йил дастурга, кунлар исигандан кейин ободонлаштириш асфальт қопламалари ётқизишга киришамиз”.
Туман ҳокимининг сўзлари қандай айтилган бўлса, айнан ўз ҳолида сизга тақдим этаяпмиз. Эфир орқали айтилган ва ёзиб олинган бу гапни қайта ва яна қайта тинглашингиз мумкин. Тўғриси мен ҳеч нарса тушунмадим. Балки сиз тушунгандирсиз?
“2017 йилда бажарилган ишлар бу йил ниҳоясига етди” – йўқ, ҳали йил ниҳоясига етишига деярли бир ой вақт бор, адашмасам ушбу сувга лиқ тўлган кўчани асфальт қилиш бир ҳафта вақт олар, икки ҳафта вақт олар, айтишадики “қаловини топсанг қор ёғади” деб ёки аҳоли 2018 йилда кунлар исишини кутиб, сув кечиб юраверсинми?
Кўрсатув бошловчисининг Дуторчи кўчасини сув босганлиги сабабли болалар мактабга бора олмаётган деган саволига берилган жавоб эса “бошга урилган зарбадай” бўлди. Туман ҳокими бу кўчанинг бузилишга тушгани, лекин аҳвол бу даражада қолмаслигини, якуний натижага эришини айтиб ўтди, лекин қачон деган савол жавобсиз қолаверади.
Энди дўппини бошдан олиб бир уйлаб кўрайлик, 2018 йилда кунлар исиб кетишини кутадиган бу ерда яшовчилар 3 ой қишда сув кечиб, муз устида учиб юришадими ёки қўлбола кўприк қилиб олишадими?
Ҳақиқатга тик боқиб айтадиган бўлсак, бирор ҳокимнинг ёки раҳбарнинг маҳалласи шу аҳволга келса, унинг ҳам маҳалласини тизза бўйи сув босса борми, уларнинг ҳам фарзандлари кунлаб мактабга бора олмаса ёки сув кечиб юришса нима бўлишини биласизми? Хулоса қилишни эса ўзингизда қолдирамиз.
Сўнгсўз ўрнида эса, юрт учун жон куйдириб ишлаётган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга камарбаста бўлишга барчангизни чорлаб қоламан.