Давлат ўрмон хўжалиги органларининг ҳарбийлашган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарор билан чегара зонаси ва чегара минтақасида ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланиш тартиби ҳамда Давлат ўрмон хўжалиги органларининг ҳарбийлашган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Низомга кўра, чегара зонасида ва чегара минтақасида ўрмондан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Унга биноан, мазкур ҳудудларда ўрмондан фойдаланиш доимий ва вақтинча, шунингдек умумий ёки махсус бўлиши мумкин.
Ўрмондан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан бепул ва ўз эҳтиёжлари учун белгиланган ҳажмларда, қонунчиликда назарда тутилган фойдаланиш турлари бўйича, махсус фойдаланиш эса тўлов асосида амалга оширилади.
Ўрмондан махсус фойдаланувчилар ички ишлар органлари ва чегара қўшинларининг тегишли рухсатномаларини белгиланган тартибда олгандан сўнг ушбу ҳуқуққа эга бўлади.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ жойларга туристларнинг кириши (ўтиши), вақтинча яшаши ва ҳаракатланиши учун электрон рухсатнома бериш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб давлат ўрмон хўжалиги органларининг чегара зонаси ва чегара минтақасида ишловчи ходимларининг ойлик лавозим маошига 30 фоизлик қўшимча устама, қўшимча 15 нафар ходим (ўрмончи, егерь, инспектор), жами 360 нафардан кўп бўлмаган ходимни таъминлаш учун маблағ ажратилиши назарда тутилган.