Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисми коммунал хизматлар кўрсатиш сифати билан боғлиқ бўлиб, бу масалалар тезкорлик билан ҳал этилмоқда.
Хусусан, Яшонобод туманидаги кўп қаватли уйларнинг 9 қаватида яшовчи фуқаро Ж.Муртазоева уйининг том қисми сифатли таъмирланмаганлигидан шикоят қилиб, қабулхонага мурожаат қилди. Аниқланишича, ҳар йили куз-қиш мавсумида ушбу хонадон томидан сув ўтади, ёғингарчилик кўп бўлган вақтда, ҳатто, уйнинг йўлакларигача сув тўлиб кетади.
Мазкур масалани ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар ходимлар бириктирилиб, натижада муаммо ижобий тарзда ҳал қилинди. Энг асосийси, бир неча йиллардан буён маҳалла фуқаролар йиғини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати орқали муаммосини ҳал эта олмаган фуқаро бир неча кун ичида муаммонинг ижобий ечимига эришди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг кўп қисмини уй-жойлардаги муаммолар ташкил этаётгани сабаб, ижтимоий тармоқларда Шавкат Мирзиёев номига очилган саҳифа орқали Ўзбекистон Республикасида Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташкил этилиши учун ҳаракат бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Аслида яқинлашиб келаётган қиш мавсуми олдидан бундай турдаги шикоятлар сони ортиши табиий. Бугунги кунда кўпчилик айнан кўп қаватли уйларда яшайди. Юқорида келтирилган воқеадан сўнг, ҳар бир маҳалла, жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўзи масъул бўлган уйлардаги шароитни яхшилашга бел боғлашига ишонамиз.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига (0 800) 210-0000 ёки 1000 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш (қўнғироқ республика бўйича бепул, фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нарҳи бўйича ҳақ олинади), хат юбориш (pm.gov.uz веб-сайтида келтирилган шаклни тўлдириш орқали) ёки “O‘zLiDeP” ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ташриф буюриш орқали мурожаат қилиш мумкин эди.