Президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар сони 1 миллионга етди.
10 ойда миллионта мурожаатнинг келиб тушиши халқнинг давлат раҳбарига, мазкур янги институтга бўлган ишончини кўрсатади. Бу рақам Виртуал қабулхона аҳоли муаммоларини ҳал қила оладиган механизм эканини ҳам тасдиқлайди.
Шу ўринда, бир маълумот: Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари институтлари мажмуи, уларни ишлатувчи давлат органлари тизими бошқа ҳеч қайси давлатда жорий этилмаган. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниши эса янги тизимнинг энг эътиборли томонидир.
Албатта, келажакда соатдек ишлайдиган шундай тизим йўлга қўйилиши керакки, ҳар бир соҳа ва идоранинг самарали фаолияти ариза ва шикоятлар ёзишга эҳтиёж қолдирмайдиган ва инсонлар тўсиқларга дуч келмасдан ўз масалаларини ҳал эта оладиган даражада бўлиши лозим.
Бироқ, ҳали олдимизда ўз ечимини кутиб турган талайгина муаммо ва камчиликлар мавжуд эканини яхши тушунамиз. Айрим мурожаатлар қуйи даражадаги ижрочилар томонидан лозим даражада тўлақонли ва сифатли кўриб чиқилмоқда, деб айтиш қийин. Баъзи муаммоларнинг ечими эса, айниқса ижтимоий-иқтисодий, коммунал соҳадаги масалалар давлатимизда рўй бераётган ислоҳотларниниг кўлами ва натижаси билан боғлиқдир ҳамда маълум бир вақтни талаб этади.