Бугун Тошкентнинг Бобур, “Туркистон”, Тарас Шевченко кўчаларида ва Тошкент вокзалига олиб чиқувчи тоннелда катта тирбандлик юзага келди.
Тирбандликлар асосан Тошкент халқаро аэропортига элтувчи кўчалар ва Тошкент вокзали (Шимолий вокзал)га олиб келувчи Кичик халқа йўли, “Туркистон”, Тарас Шевченко кўчаларида юзага келган. Тирбандлик Тошкент вокзалига олиб чиқувчи тоннелда ҳам кузатиляпти. Ҳозирча бунинг сабаблари мавҳум. Буни интернет фойдаланувчилари йўлларда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлашяпти.
Тошкент халқаро аэропортига элтувчи кўчаларда юзага келган тирбандликка Бобур кўчасида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Айни дамда вазият бироз яхшиланган.
Автомобиллар тирбандлиги билан боғлиқ ҳолат бир неча кундан буён Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасида ҳам кузатиляпти. Бунга эса “Тараққиёт” кўчасида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари сабаб бўлмоқда. Ҳозирча “Тараққиёт” кўчасида айтомобиллар ҳаракати тўхтатилган. Бу эса қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани айтилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимияти Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари юзасидан расмий ахборот бериб, шаҳарнинг айрим қисмларида йўл қуриш ва мавжуд йўлларни таъмирлаш ишлари бироз ноқулайликлар туғдириши, тирбандликлар юзага келишидан огоҳлантирган эди.