...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентликлар Чилонзор-6 мавзесидаги дарахтлар кесиб ташланаётганидан норози


12:34, 17.02.2016 Жамият
 4 620

16 февраль куни дарахтларни кесиш ишларини бошлаб юборишди ва ярим кун ичида 70 дона чинор йўқ қилинди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида олиб борилаётган улкан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари сабаб юртимиз кун сайин чирой очиб бормоқда. Биргина Тошкент шаҳри сўнгги йилларда буткул янгича қиёфа касб этди. Янги ва замонавий уйлар, мактаб, академик лицец, коллеж ва олий ўқув юртларининг янги бинолари, аҳоли дам олиш масканлари сўзимизнинг исботидир. Шу кунларда Тошкентнинг турли бурчакларида кўплаб турар-жой бинолари қад ростлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ташландиқ, узоқ йиллар давомида эътиборга тушмай ётган кўплаб ҳудудларда янги, замонавий кўринишга эга бўлган уйлар билан бирга болалар майдончалари, кичик боғлар барпо этилмоқда. Айтиш лозимки, бундай қурилиш ишлари ҳукуматимиз томонидан ҳар бир қарич ер ва унда ўсаётган дарахтлар ҳисобга олинган ҳолда қурилмоқда. Баъзи жойларда, ҳатто, битта дарахтни, унинг “ҳаётини” асраб қолиш учун кичик ўрача ҳосил қилиб, дарахтни ўз жойида қолдирганликларини кўрамиз. Бу қувонарли ҳол, албатта. Сабаби, юртимизда ўсаётган дарахтларнинг сони қанча кўп бўлса, ҳавоимиз шунча тоза, ҳудудларимиз кўркам, жазирама ёзда эса соя-салқин бўлади. Ҳалқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган мақол ҳам бежиз айтилмаган, ахир.

Аммо сўнгги вақтларда Тошкент шаҳридага бир неча ўн йиллик бақувват дарахтлар ёки уларнинг йирик шоҳлари олиб ташланиши шаҳар аҳолисининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Куни кеча ана шундай эътирозларнинг бири билан Facebook ижтимоий тармоғи аъзоларидан бири Эдуард Якушкин Тошкент шаҳри, Чилонзор-6 мавзесидаги бир неча йиллик дарахтлар кўп қаватли замонавий уйларнинг қурилиши важи билан кесиб ташланаётганини айтиб, ўз мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. Унда шундай дейилади:



“Бугун, 2016 йилнинг 15 февралида, тахминан соат 10:00 да, бизнинг ҳудудимизга (Чилонзор-6, 178-мактаб олдида) автокран, ишчилар, ёғоч тамбаси ва ҳудудни ўраш учун ишлатиладиган темир панжаралар ортилган юк ташиш машинаси келди. Ўраб олинган ҳудуд ичида дарахтлар (182 дона) ва болалар майдончалари мавжуд. Ушбу ҳудудни эгаллаб турган хусусий қурилиш фирмаси маҳаллий аҳолининг норозиликларига қарамай, ҳудудни "тозалаб" янги турар-жой бинолари ва автомобиль тўхташ жойини қуришни режалаштирмоқда.

Бизнинг уйимиздан ташқари ўраб олинган ҳудуд таркибига яна 7 та аҳоли турар-жой бинолари (№2,3,4,5,6,7,8,10) киради. Бундан ташқари, 7 ҳамда 8-кўп қаватли уйлар ўртасидаги касалхона деразалари тагидаги томорқа ўрнига янги уйлар учун “подъезд” йўли ҳам қуриш режалаштирилган.

Хусусий қурилиш фирмаси вакиллари бу борада бирор бир ҳужжатни кўрсатишдан бош тортишмоқда. Улар аҳоли турар жойларидаги дарахтларни кесиб ташлаш ва болалар майдончалари ўрнига янги турар-жойларни қуриш ҳуқуқига эгами?”

Эдуард Якушкиннинг ёзганларига жавобан тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини қолдиришган. Уларда жумладан шундай дейилади:



“Шаҳарда чинорларнинг сони камайиб кетмоқда. 16 февраль куни қурувчилар дарахтларни кесиш ишларини бошлаб юборишди ва ярим кун ичида 70 дона чинор йўқ қилинди”.

Бу каби ҳолатларни Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида кузатиш мумкин. Кимдир бунга жон куйдириб гапиради, кимдир таг-туги билан кесиб ташланаётган ўнлаб дарахтларнинг олдидан бепарволарча ўтиб кетади. Балки Чилонзор-6 мавзесида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларининг ортида ҳам хайрли мақсадлар, аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган режалар тургандир. Дарвоқе, бироз аввал ёғингарчилик оқибатида Тошкент шаҳридаги кўплаб дарахтларнинг катта шоҳлари йўлларга, машиналар устига ағдарилиб, анча зарар келтиргани ҳақида ёзган эдик. Бу дарахтлар ҳам умрини яшаб бўлгандир, балки. Мақоланинг давомий қисмларида Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳамда Ободонлаштириш бошқармаси билан боғланиб ушбу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз. 
Умида Якубова

Теглар:Дарахтлар Тошкент Чилонзор Турар-жой бинолари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар