...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хонанда Анвар Собиров марҳум санъаткор Ўлмас Саиджонов билан сўнгги дийдорни эслади


22:45, 16.02.2016 Шоу-бизнес
 5 386

Бу машъум ва нақадар хунук хабарни эшитишим билан ичимдан нимадир узилиб кетгандай бўлди, нафақат жисмим, балки юрагим йиғлади.

13 февраль куни Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджоновнинг 65 ёшда тўсатдан вафот этиши кўпчилик мухлислари қатори, санъат ахли вакилларини ҳам эсанкиратиб қўйди. Кимдир Ўлмас Саиджонов билан бир неча ҳафта аввал кўришганини хотирлаб, унинг табассуми кўз ўнгида қолганини айтса, яна бошқа биров унинг ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаганини эслади. Хонанда Анвар Собиров устоз санъаткорнинг вафотидан қаттиқ таъсирланганини айтиб, ўз хотираларини ижтимоий тармоқларга ёзиб қолдирди.
 
“Бу машъум ва нақадар хунук хабарни эшитишим билан ичимдан нимадир узилиб кетгандай бўлди, нафақат жисмим, балки юрагим йиғлади, қалбим оғринди, бутун вужудим ларзага келди. Эҳ, бу дунё бунчалар шафқатсиз, минг афсус. Мен ишонаманки, бу хабарни эшитган кўпчилик санъатсевар халқимизнинг, устозимизнинг биз каби миллионлаб шогирдларининг қалби бугун ана шундай ларзага келди.

Устоз билан сўнги бор 27 январь куни бир пиёла чой устида роса суҳбат қурган эдик. Шаънимга жуда илиқ гаплар айтиб мени кўнглимни тоғдек кўтарган эди. Сени ўғлимдай яхши кўраман болам деб пешонамдан ўпиб, дуо қилган эди. Мен ҳам устозни нақадар яхши кўришимни ва ҳурмат қилишимни бот-бот билдирган эдим. Бугун шундай устоз қўлида ишлаб, таълим олганимдан Яратганга беадад шукурлар айтаман. Наҳотки, энди бу лаҳзалар хотирага айланса? Ҳеч тасаввур қилолмаяпман...

Устоз ўлгани йўқ, устоз доим шу халқимизнинг ва биз шогирдларининг қалбида мангу яшайди!”

Собировнинг бу хотираларига кўплаб санъаткорлар, хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Иззат Ибрагимов ҳам ижтимоий тармоқда илиқ фикрларини ёзиб қолдириб, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўлмас Саиджоновни ёдга олдилар. 

Теглар:Анвар Собиров Ўлмас Саиджонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Олимжон
07:30 17.02.2016

Халк хофизи доим халк калбида булади.М.Узоков ва К.Отаниёзов бунга яккол мисол.Хозир хам эл ардогида булган хофизу хофизаларимиз бор.Лекин улар негадир на телевидениеда, на газета ва журналларимизда куринишмайди?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!