23-24 июнь кунлари мамлакатимизда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити бўлиб ўтади.
Бир неча кундан буён одамлар тилида бир гап: ШҲТ тадбирлари муносабати билан Тошкентга кириш-чиқиш 10 кунга ёпилар эмиш, энди буёғи нима бўларкин... Бундай гап-сўзлар сизнинг ҳам қулоғингизга чалинган бўлса керак. Бу “янгилик”ка кимдир чиппа-чин ишонган бўлса, яна кимдир пинагини ҳам бузгани йўқ. Орамизда тасдиғини топмаган норасмий хабарни деб ўша кунларга мўлжаллаган ишларини бекор қилганлар ҳам топилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур масалага ойдинлик киритиб, расмий
ахборот берди ва халқ орасида тарқалган миш-мишларни рад этди.
“Бир неча кун аввал Интернет тармоқларида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аьзо давлатлар раҳбарларининг Саммити ўтказилиши даврида фуқароларнинг Тошкент шаҳрига кириб-чиқиши чекланиши хақида маьлумотлар тарқатилган. Бу маьлумотлар асоссиз ва ишончсиздир.
Шаҳарга кириб-чиқиш тартиби одатдаги тарзда амалга оширилади.Фақат бу борадаги текширув тадбирлари кучайтирилади”, дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ хабарида.