Афсонавий фазогир-учувчи, авиация генерал-майори Халқаро пресс клубнинг Пресс-кофе форматидаги тадбирида иштирок этди.
Владимир Жонибеков — афсонавий фазогир-учувчи, икки маротаба Собиқ Иттифоқ қаҳрамони, авиация генерал-майори. Ушбу фазогир астронавтика ва астрофизика соҳасининг ривожланишига ўзини муносиб ҳиссасини қўшган. Бу инсон туфайли теннис ракеткаси теоремаси ишлаб чиқилган (“Жанибеков эффекти” ҳам дейилади).
1953 йилдан 1958 йилгача бўлажак фазогир Тошкентдаги ИИВга қарашли Суворов номидаги ҳарбий билим юртида ўқиган, лекин кейинчалик ҳукумат қарори билан ушбу билим юрти қисқартирилган. Шундан кейин Жонибеков мактабга қайтишга мажбур бўлган.
Энг аҳамиятлиси, бўлажак фазогир мактабни аъло баҳоларга битиради.
“Салют-7” — бу совет космик аппарати ҳисобланиб, фазонинг Ер сайёраси орбита қисмида инсонинг узоқ муддатда илмий тадқиқотлар олиб боришига мўлжалланган. Станцияда 6 ой фазогирлар бўлмаганлиги сабабли, 1985 йилнинг 11 февраль куни космик аппарат билан алоқа узилади. Станция бўлмаларидаги ҳарорат 0 даражага тушади. “Жонсиз” ҳолатдаги “Салют-7” космик аппарати амалда “фазо чиқиндисига” айланиш арафасида қолади.
Станциянинг атмосферага кириши ва қулаши Ердаги инсонлар ҳаётини хавф остига қуйиши мумкин эди. Аппаратнинг қолдиқлари Ерга етиб келиш эҳтимоли мавжуд бўлганлиги учун уни қайта ишга тушириш режаси ишлаб чиқилади. 1985 йилдаги 115 сутка давом этган парвоз — инсоният тарихидаги космосга энг қийин парвозлардан бири ҳисобланади. Халқаро пресс клубнинг Пресс-кофе форматидаги бугунги тадбирида ана шу ва бошқа шунга ўхшаш воқеалар тилга олинди.
Диққатга сазовор жиҳати, Жонибеков фан билан бирга санъат билан ҳам шуғулланади. Фазогир фазо кенглиги билан боғлиқ кўплаб почта маркаларининг муаллифидир.
Шунингдек, Жонибеков тасвирий санъат билан шуғулланиш билан бирга маърузалар ҳам ўқийди. Унинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги фикри кўпчиликда қизиқиш уйғотиб келган.