...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича “етакчи ўнталикка” киритилди


19:25, 08.11.2017 Жамият
 2 812

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Инвестиция Кодексини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳи тузилди.

Бугун, яъни 2017 йилнинг 8 ноябрь куни Тошкентда инвестицион муҳитни яхшилаш, эришилган натижаларни ўрганиш ва устувор йўналишларни белгилаб олишга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
 
Инвестицион жараён иштирокчиларини бирлаштирган мазкур тадбир давлат ва халқаро ташкилот мутахассислари, шунингдек, энг йирик хорижий ва маҳаллий корхона вакиллари ўртасида Ўзбекистондаги инвесторларнинг манфаатларини кўзловчи долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун очиқ майдончага айланди.
 
Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастурининг "Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни яхшилаш" лойиҳаси ва ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Халқаро Пресс Клуб ахборот кўмагида ташкил этилди. Бу ҳақда таҳририятимизга юборилган маълумотлар орқали хабар берилган.
 
Иқтисодий либераллаштириш жараёнларида мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш — 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2011–2016 йиллардаги кўрсаткичлар 3,3 дан 1,9 млрд АҚШ долларигача бўлган хорижий инвестициялар оқимининг пасайиш тенденциясини ўзгартириш имконини берди.
 
Давра суҳбати иштирокчиларининг таъкидлашича, инвестицион салоҳиятнинг ўсишига тўсқинлик қилувчи асосий омиллар соҳага оид миллий қонунчиликнинг такомиллашмаганлиги, хусусан, қонунчилик меъёрларининг инвестиция соҳалари бўйлаб номуносиб тарқалиши, Қонун ости хужжатларининг қонунларга зидлиги инвестицион қонунчиликнинг самарадорлигини пасайиб кетишига таъсир этибгина қолмасдан иқтисодиёт ривожи ва мамлакат имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
 
Шу муносабат билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт Дастурининг экспертлари кўмагида Инвестиция Кодексини ишлаб чиқишда иш олиб борадиган идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
 
Тадбир доирасидаги муҳокамалар давомида ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар, етакчи экспертлар мазкур Кодекснинг концепциясини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар. Уларнинг таъкидлашича ушбу хужжат юқорида келтирилган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини аниқлашда, сармоявий салоҳиятнинг ошишида, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқилишида ҳамда кафолатланган қўшимча имкониятлар яратилишида алоҳида аҳамиятга эга. Хозирги вақтда Инвестиция кодексининг лойиҳаси www.regulation.gov.uz. порталида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилганлиги қайд этилди.
 
Шунингдек, давра суҳбати давомида Жаҳон банки, ЕТТБ, йирик консалтинг компаниялари бўлган Ernst & Young ва KPMG каби халқаро тузилмалар спикерлари ўз нутқларида валюта сиёсатини либераллаштириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни юқори баҳоладилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш баробарида иқтисодий ислоҳотларга оид тавсиялар ҳам беришди.
 
Қабул қилинган чора-тадбирлар самарадорлигининг муҳим жиҳатларидан бири — Жаҳон банкининг "Бизнесни юритиш–2018" рейтинги натижалари бўлди. Унга кўра Ўзбекистон 13-поғонага кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари ўнталигига киритилди.
 
Давра суҳбати давомида маърузачилар солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш борасидаги чора-тадбирларни давом эттириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилишда меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга оид ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
 
Тадбир иштирокчилари бу каби форумлар жаҳон амалиётида ўз тасдиғини топган энг самарали воситалардан бири бўлишини таъкидладилар, давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
 

Теглар:Ўзбекистонда бизнес Халқаро Пресс Клуб Ишбилармонлик муҳити Инвестициялар қўмитаси Инвестиция Кодекси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар