Фуқаро Нурбек Маҳкамовга тегишли бўлган 8 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларини ўғирлаган шахс қўлга олинди.
31 июль куни, соат 4:00 да номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Яшнобод тумани ҳудудида жойлашган дўконга кириш эшигини бузиб, у ердан фуқаро Нурбек Маҳкамовга тегишли бўлган 8 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларини ўғирлаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган эди.
Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тергов натижасида мазкур жиноятни Шуҳрат Ғайратович Бегимов (исмлари ўзгартирилган) содир этгани аниқланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.