Кучли зарб ва ёнғин оқибатида автомобиль темир-терсакка айланган, холос. Бир қарашда уни машина дейишга тилинг бормайди.
Юнусобод тумани ҳокимиятининг рўпараси, Амир Темур шоҳ кўчасида рўй берган ЙТҲда оқ рангдаги Matiz автомобили портлаб кетган. Кучли зарб ва ёнғин оқибатида автомобиль темир-терсакка айланган, холос. Бир қарашда уни машина дейишга тилинг бормайди. Темир уюмидан нарироқда турган “қаҳрамон” - Captiva русумидаги автомобиль эса ЙТҲнинг асосий сабабчиси, деб тахмин қилинмоқда.
Маълум бўлишича, Matiz автомобили Captiva’нинг қарама-қаршисидаги йўлдан ҳаракатланиб келаётган бўлган ва йўлнинг нариги тарафига бурилиб олишга чоғланган. Шу маҳал катта тезликда келаётган Captiva бурилишга тайёргарлик кўриб турган Matiz’га келиб ўрилган. Кучли зарбдан кузовининг орқа қисми деярли йўқ бўлиб кетган Matiz’нинг олд қисми ҳам таниб бўлмас ҳолатга келиб, двигатели носоз бўлиб қолган. Буларнинг ҳаммаси сониялар ичида рўй бергани учун Matiz ҳайдовчиси автомобиль двигателини ўчиришга улгурмаган. Автомобиль қувватлагичидаги қисқа туташув ёқилғи нососигача борган ва ёнғин келиб чиққан. Воқеага гувоҳ бўлганлар эса амал-тақал хушсиз ҳолатда ўтирган ҳайовчини тушириб олишга улгуришган. Бир неча сониядан сўнг қулоқни қоматга келтирувчи кучли товуш эшитилган, Matiz автомобили портлаб кетган.
Бу орада эса Captiva ҳайдовчиси автомобилининг тормозини босишга улгурмаган чоғи чамаси 30 метр нарироқда турган Epica русумидаги автомобилни бориб урган. Оқибатда Epica трапнспорт ва пиёдалар йўлини ажратиб турган тўсиқларни бузиб ўтган, кузовнинг орқа қисми эса деярли йўқ бўлиб кетган.
ЙТҲ натижасида Captiva ҳам жиддий зарар кўрган. Epica’ни ҳам уриб ўтган автомобиль охир бориб, йўл четидаги дарахт билан тўқнашган. Ҳимоя ёстиқчалари сабаб Captiva ҳайдовчисига жиддий зарар етмаган.
Гувоҳларнинг маълум қилишларича, воқеа жойига зудлик билан Ёнғин хавфсизлиги хизмати, Йўл патрул хизмати, Тез ёрдам ходимлари етиб келишган. Matiz ҳайдовчиси 7-сон шаҳар клиник шифохонасига олиб кетилган. Унинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Қолган ҳайдовчилар эса воқеа жойида қолган.
Мудҳиш ЙТҲ сабаб Амир Темур шоҳ кўчасининг бир томонлама қатнов қисми бир неча соатга ёпиб қўйилди.