Ҳайдовчи айбига иқрор бўлиб узр сўраш, вазиятни енгиллаштириш ўрнига машинадан тушиб таъна қилгани видеоларга муҳрланди.
Мазкур воқеа жорий йилнинг 26 июнь куни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг ёнида содир бўлган. Воқеа кўп қаватли уйга ўрнатилган кузатув камераларига муҳрланган бўлиб, бу ҳақда хабар бераётган фойдаланувчи видеони ҳам илова қилган. Ундан кўриниб турибдики, аёл киши бошқараётган Captiva орқага ҳаракатланиш чоғида йўлда кетаётган аёл ва у етаклаб кетаётган болалар аравачасини уриб юборган. Натижада аравача ағдарилган. Аёл эса ерга йиқилган. Воқеа жойида ҳеч кимга жиддий зарар етмаган.
Тасвирларда ерга йиқилган аёл ҳайдовчига иддао қилаётганини кўриш мумкин. Рулни бошқариб кетаётган аёл ҳам бўш келгани йўқ. У айбини ҳис қилиш, бировнинг ҳаётига нуқта қўйиши мумкинлигини тушуниш ўрнига, жабрдийдага таъна қила кетди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бу ҳолатда Captiva ҳайдовчисини айблаб, ушбу автомобилнинг давлат рақамини ёзиб қолдириб, ИИВ ходимларига бу ҳақда хабар бериш кераклигини таъкидлашмоқда.