...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда Афғонистоннинг тақдири “Толибон”сиз ҳал бўлади...ми?


14:06, 24.03.2018 Жамият
 7 578

“Толибон” етакчилари ушбу конференцияда иштирок этиб, биздан ҳам хатолар ўтган, келинглар, мамлакатда каолицион ҳукуматни шакллантирайлик, бир-биримизга қаршилик кўрсатишни тўхтатайлик, деса келишувга катта йўл очган бўларди”.

Бугун Афғонистон Ислом Республикасидаги сиёсий беқарорлик нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган масала ҳисобланади.
 
Афғонистондаги асосий муаммо бу мамлакат ичида сиёсий беқарорликни келтириб чиқараётган “Толибон” ҳаракати ва турли диний-экстремистик ташкилотларнинг ҳуружидир.
 
“Толибон” ҳаракати 1992 йилда Афғонистон расмий ҳукумати турли диний ақидаларни тарғиб қилувчи ташкилотлар томонидан ағдарилгач, вужудга келди. Ҳукуматдаги сиёсий беқарорликдан унумли фойдаланган “Толибон” ҳокимиятни ўз қўлига олди ва тўрт йилдан ортиқ вақт мобайнида мамлакатнинг 80 фоиз ҳудудини назорат қила бошлади.


 
Бу Афғонистонда ҳеч қандай халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилмайдиган ҳукуматнинг вужудга келганини англатар эди. Шу боис халқаро ташкилотлар ва Афғонистонга қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳам минтақадаги вужудга келаётган хавфнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқди.
 
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан 1999 йил 19 июлда Афғонистонга қўшни бўлган олти мамлакат ҳамда Россия ва АҚШ  иштирокидаги 6+2 гуруҳининг иккинчи йиғилиши Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилди. Ушбу халқаро анжуманда “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этди.
 


Мазкур йиғилиш халқаро миқёсда аҳамият касб этиб, унда Афғонистондаги тинчликни таъминлаш борасида Тошкент декларацияси қабул қилинганига қарамай кейинги даврларда “Толибон” ҳаркати вакиллари томонидан мамлакат ҳокимиятига бўлган интилишлар ва турли диний-экстремистик гуруҳлар билан иттифоқлар натижасида яна сиёсий келишмовчиликлар авж ола бошлади.
 
Бугунги кунда “Толибон” ҳаракати Афғонистон жануби-ғарбида муқим ўрнашган бўлиб, асосан таркиби мамлакатдаги пуштун қабилаларига мансуб аъзолардан ташкил топган.
 
Ҳукуматдан ўрин талаб қилаётган “Толибон” бугунга қадар Афғонистоннинг ичкарисида кўплаб қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириб келмоқда. Энг эътиборли жиҳати шуки, ушбу ҳаракат Ҳиббатуллоҳ Оҳундзода бошчилигида мамлакатнинг 60 фоиз ҳудудида фаолият олиб боради.
 
Бу мамлакат ҳамда минтақанинг тараққиётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда ва диний-экстремистик хавфларни вужудга келтирмоқда.
 
Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда асосий эътибор Афғонистон масаласига қаратилмоқда.
 
Ушбу конференция нафақат минтақа доирасида, балки халқаро миқёсда ҳам катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу боис бу конференцияда дунёнинг турли етакчи мамлакатларидан вакиллар иштироки муҳим саналмоқда. Чунки  бугунгача ўз тақдирини ўзи ҳал этолмаган Афғонистон учун қўни-қўшнилар ва ривожланган мамлакатларнинг дастаги амаҳиятлидир.
 
Конференциянинг аҳамияти нимада? Афғонистон муаммосига йиллар давомида топилмаган ечим, Тошкент конференциясида топиладими? Ушбу конференцияда ва минтақадаги масалаларнинг ҳал қилинишида Ўзбекистоннинг иштироки қандай? Бу саволлар билан  “Qalampir.uz” шарқшунос Муҳаммаджон Қодировга юзланди.
 
Қодировга кўра, мазкур конференция Афғонистоннинг ён қўшниси сифатида минтақадаги таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинмоқда. Шу билан бирга конференциянинг ташкил этилишида АҚШ ва Афғонистон ҳам асосий роль бажаради. Негаки, ҳозирда Афғонистон расмий ҳукумати АҚШ қўшинларига таянган ҳолда мамлакат хавфсизлиги учун курашмоқда.
 
Қатнашувчи мамлакатлар ва уларнинг минтақада тутган ўрни ҳақида эксперт қуйидагиларни билдириб ўтди:
 
“Қўйилаётган масалалар асосан Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва АҚШ ўртасида муҳокама қилиниши мумкин. Россиянинг халқаро муносабатлардаги масалаларда иштирок этиши музокараларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳозирда Россия Афғонистон ҳудудида муҳим объектга эга бўлмагани боис ўзаро келишувлардан бироз четда туради, деб ўйлайман. Шунга қарамай, Россиянинг Марказий Осиёдаги хавфсизликда тутадиган ўрни ва ташаббуси юқоридир”.
 
Шарқшунос асосий масала сифатида конференцияда Афғонистонда фаолият олиб борадиган “Толибон” ҳаракати вакилларининг иштирокини таъкидлади.
 
Ҳозирча ушбу ҳаракат вакиллари томонидан Тошкент конференциясида иштирок этиши юзасидан расмий маълумот йўқ. Айни дамда Тошкент ва “Толибон” ўртасида мулоқот кетмоқда. Эксперт Қодиров ҳаракат вакиллари конференцияда қатнашса, кўп муаммолар ечим топиши ва ўзаро келишувларга эришилишини айтди:
 
“Минтақадаги хавфсизлик ва Афғонистонда барқарор вазиятни ўрнатишни мақсад қилгани ҳолда “Толибон” етакчилари ушбу конференцияда иштирок этиб, биздан ҳам хатолар ўтган, келинглар, мамлакатда каолицион ҳукуматни шакллантирайлик, бир-биримизга қаршилик кўрсатишни тўхтатайлик, деса келишувга катта йўл очган бўларди”.
 
Аслида афғон халқининг таназзулга юз тутиши, иқтисодиётнинг ортга кетиши, ҳукумат бошқарув кучини йўқотиши, халқ эса маданияти ва қадриятини унутишидан манфаатдор тарафлар ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда бундай манфаатдорлар Марказий Осиёдан топилмаслиги аниқ. Боиси “қўшнинг тинч – сен тинч” деган азалий ҳақиқат Марказий осиё халқларининг қон-қонига сингиб кетган.
 
Афғонистондаги нотинчлик, беқарор вазият дунё аҳолисида ушбу мамлакат ва унинг фуқароларига нисбатан фобия уйғонишига туртки бўлган. Бунда ОАВнинг “дод солар” ахборотларининг ўрни ҳам катта. Бироқ, Афғонистон кўпчилик ўйлаганчалик қашшоқ, иқтисодий танг аҳволдаги мамлакат эмас. Бу ҳақда эксперт Муҳаммаджон Қодиров шундай дейди:
 
“Афғонистон ҳукумати бутун мамлакатни идора қила олмаётгандир, вазият беқарордир, бироқ ҳукумат назоратидаги нуқталарда иқсодий ўсиш суръатлари бошқа мамлакатларникидан қолишмайди. Энг муҳими очлик йўқ, аҳоли сони ортиб бормоқда. Афғонистонда ер унумдор, иқлим мўтадил, сувдан муаммо йўқ, шу боис зироатчиликка ҳам эътибор катта. Бу мамлакатга бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан ихтиёрий равишда ёрдам қўли чўзилган бўлса бордир, лекин ҳукумат инсонпарварлик ёрдами сўраб бирор мамлакатга мурожаат қилмаган. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ!”.


 
Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик нафақат мамлакат ҳукуматига, балки бошқаларга ҳам жуда зарур. Бу гап неча йиллардан буён таъкидлаб келинмоқда. Вазият ўнгландими, террорчи гуруҳлар мамлакатни тарк этдими, натижа бўлдими, дейишингиз табиий. Балки натижа Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги бугунги тинчликдир. Эрта учун қилинаётган бугунги саъй-ҳаракатлар эса кутилган натижа беришини нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё истайди.
Икром Раҳмон

Теглар:Афғонистон Тошкент конференцияси Муҳаммад Қодиров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар