Илмий стартаплар грант ёки фоизсиз қайтариш асосида молиялаштирилади.
Қарорга мувофиқ, “Яшнобод” инновацион технопарки дирекцияси” ДУК Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидан чиқарилди. Эндиликда дирекциянинг таъсисчиси этиб Инновацион ривожланиш вазирлиги белгиланди.
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан маҳаллий илмий ишланмаларни жорий қилиш ва тижоратлаштиришни кўзда тутадиган илмий стартапларни грант ёки фоизсиз қайтариш асосида молиялаштирилади. Бунда инвесторларнинг ўз маблағлари билан иштироки инвестициялар суммасининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги назарда тутилган.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази тузилмасида юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, хоналар, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил қилинади.
Лаборатория асбоб-ускуналари, ишлаб чиқариш майдонлари ва офис хоналари Илғор технологиялар маркази резидентларига ижарага 2 йил муддатга, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда 5 йилгача узайтириш ҳуқуқи билан тақдим этилади
Илғор технологиялар маркази резидентлари 2022 йил 1 январгача қуйидагилардан озод қилинади:
- ер солиғи;
- фойда солиғи;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
- ягона солиқ;
- шахсий эҳтиёжлар мақсадида келтириладиган хомашё ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари).