...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент ҳайвонот боғидаги тимсоҳнинг ўлими баҳсларга сабаб бўлмоқда


17:00, 17.11.2016 Жамият
 4 944

Кўпчилик ҳайвонот боғидаги шароитлардан норози. Боғ ходимлари шикоятларни ҳам инобатга оладими?

1997 йилда очилган Тошкент ҳайвонот боғи мажмуаси мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойи сифатида эътироф этилади. Ўзбекистоннинг исталган вилоятидан Тошкент шаҳрига келган меҳмон борки, албатта, ҳайвонот боғига кирмасдан кетмайди.
 
Куни кеча Тошкент ҳайвонот боғида “Бой” лақабли тимсоҳ нобуд бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Боғ маъмурияти жонзотнинг ўлимига ошқозонига тиқилиб қолган болалар ўйинчоғи сабаб бўлганлигини маълум қилди. Демакки, ташриф буюрувчилар нохуш воқеа юз беришига айбдор бўлган бўлиши мумкин. Шу сабаб ҳайвонот боғи маъмурияти меҳмонлар учун илтимоснома эълон қилди. Унда ҳайвонларга турли буюмлар отмаслик сўралган. Бу хабар сайтимизга жойлаштирилганидан сўнг кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда.
 
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали юртдошларимизнинг кўплаб фикрларини олдик. Аксарият ҳамюртларимиз, аввало, ўйинчоқ қандай қилиб тимсоҳнинг қафасига тушиб қолганига ҳайрон бўлишмоқда. Сабаби тимсоҳ қафаси қалин шиша ойна билан қопланган. У ерга бегона буюмлар отишнинг имкони йўқ.
 
“Бизнинг ҳайвонот боғимизда ҳайвонларга умуман эътибор берилмайди. Катта, сариқ илон ақлини танибдики, ўша кичкина катакда сақланади. Жирафага раҳмим келади, ўзи яқинда келганди, у ҳам яқинда симёғочга айланмаса эди.  Ҳайвонот боғини янгилашсин, даромади яхши.
 
Қушларни гапирмаса ҳам бўлади, кўчадан тутиб олиб келгандай. Ҳар бир қуш учун мос муҳит яратишсин, сунъий дарахтлар ва ҳоказо. Филнинг ҳам рангги тиниқ эмас. Маймунхонадаги ҳайвонларнинг ҳиди эса балиқхонани олдигача анқийди. Мана ҳақиқий кулфат”, дея изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири.
 
Яна бир фойдаланувчи қуйидагича изоҳ қолдирган:
 
“Исталган жонзотни бутунлигича ютиб юборадиган тимсоҳни ўйинчоқдан ўлиши кулгили. Ўйинчоқ унга чивиндек нарса бўлса керак”.
 
Кўплаб фойдаланувчилардан бир хил эътирозли фикр келиб тушган. Аксарият юртдошларимиз ҳайвонот боғида ҳайвонлар учун яратилган шароит қониқарли эмаслигидан шикоят қилишди. Ҳамюртларимиз ҳайвонот боғида гигиеник қоидаларга ҳам амал қилиниши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
 
Юқорида келтирилган фикрларга изоҳ олиш мақсадида биз Тошкент ҳайвонот боғи маъмуриятига мурожаат этишга қарор қилдик. Бироқ бир неча соатлик урунишларимиз фойда бермади. Тошкент ҳайвонот боғи расмий сайтида келтирилган рақамларга қилган қўнғироғимиз бир неча саотлар давомида жавобсиз қолди. Мазкур хабаримиздан сўнг, ҳайвонот боғи маъмурияти изоҳ беришни маъқул кўрса, ажаб эмас. 
Дурдона Расулова

Теглар:Тошкент ҳайвонот боғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар