Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг Наврўз байрамигача Самарқанд шаҳрида трамвайлар ҳаракати йўлга қўйилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Самарқанд шаҳри транспорт тизимини янада яхшилаш, замонавий трамвай линияларини барпо этиш лозимлигига эътибор қаратди. Бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги, трамвайнинг экологик тоза транспорт воситаси сифатида атроф-муҳитга таъсири камлигини қайд этаркан, бу лойиҳани сифатли бажариш, 2017 йилнинг Наврўз байрамигача якунлаш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекитон пойтахти Тошкент шаҳрида 106 йил давомида трамвай ҳаракатланиб келди. Жорий йилнинг 3 май куни Тошкентда трамвай ҳаракати тўхтатилди. 2 май куни Тошкент шаҳрида 17-трамвай сўнгги бор йўлга чиқди.
Тошкентда трамвай йўлларини қуришга илк бор 1896 йилда старт берилганди. Биринчи электр трамвайи эса 1912 йилнинг 30 декабрида ишга туширилган эди.