Тожикистонга Ўзбекистоннинг тўрт вилоятидан бешта автобус йўналиши очилади.
Камоловнинг сўзларига кўра, автобуслар Душанбедан Денов ва Термизга, Панжикентдан Самарқандга ва Хўжанддан Тошкент ҳамда Фарғонага йўл олади.
Бироқ, ҳозирча тожик ва ўзбек тарафлари шаҳарлараро автобуслар бўйича тарифларни келишиб олмагани айтилмоқда.
“Биз тарифлар бўйича Ўзбекистон тараф билан келишишимиз керак. Яқин кунларда бизнинг компаниямиз вакиллари Тошкентга ташриф буюради ва умид қиламанки, биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан тариф тўғрисида якуний келишув тузамиз”, деди компания раҳбари.
Шунингдек, “Asian Express Terminal” Тошкент билан “Ўзавтосаноат” томонидан ишлаб чиқарилган 200 та автобусни сотиб олиш бўйича шартнома имзолагани таъкидланди.
Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси автобуслардаги йўловчилари давлат чегарасини кесиб ўтишда ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаслигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, назорат-ўтказиш пункти ҳудудида йўловчилар автобусдан чиқишади ва чегара ҳамда божхона назоратидан ўтгач, сафарларини давом эттиради.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасида автобус қатнови ва мунтазам авиақатновлар Тожикистонда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг, 1992 йилда тўхтатилган. Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Душанбе ва Тошкент ўртасида 25 йиллик танаффусдан кейин ҳаво қатнови очилган эди.