...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент Афғонистон бўйича халқаро конференцияга тайёр!


11:39, 23.03.2018 Жамият
 2 264

Халқаро конференциянинг асосий тадбирлари Тошкентдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтади.

Аввалроқ, 26-27 март кунлари пойтахт Тошкент Халқаро конференцияга мезбонлик қилиши ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистон масаласи муҳокама этилади.
 
Бугун, 23 март куни Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг Матбуот маркази очилиш маросими бўлиб ўтди.


 
Халқаро конференциянинг асосий тадбирлари Тошкентдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтади. Маҳаллий ва хорижий журналистларнинг ушбу конференцияни ОАВ орқали ёритишлари учун Симпозиумлар саройида ташкил этилган Матбуот маркази очилиш маросими Халқаро пресс-клуб томонидан ташкилланиб, унда Ўзбекистон-Афғонистон ўртасида дўстлик ришталари, сиёсий, иқтисодий, соғлиқни сақлаш, маданий соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорлик ҳақида сўз борди.
 
Афғонистон – Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси. Ўзбек ва афғон халқлари азалдан дўст, қардош, қариндош саналиб келган. Ўзбекистон халқи ҳеч қачон Афғонистондаги вазиятга бефарқ бўлмаган.
 
Афғонистоннинг турли ҳудудларида бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган беқарор вазият энг биринчилардан бўлиб, унинг яқин қўшниси сифатида Ўзбекистонни ташвишга солади. Бугун Афғонистондаги ҳолат нафақат Ўзбекистон, минтақа, дунёнинг кўплаб мамлакатларига хавф туғдирмоқда, десак муболаға бўлмайди. Шу боис Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига хорижий мамлакатларнинг кўзга кўринган сиёсатчилари, тадқиқотчилари томонидан қизиқиш юқори бўлмоқда.
 
Халқаро конференцияда Афғонистон Республикаси Президенти Ашраф Ғани иштирок этиши кутилмоқда.
 
Қолаверса, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.


 
АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини тасдиқлаган.

Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари қатнашиши режалаштирилган.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Тошкент конференцияси Ўзбекистон-Афғонистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар