...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга салом йўллади


09:21, 11.12.2018 Жамият
 5 883

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашувлар жадаллашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 10 декабрь куни АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Президенти ёрдамчисининг ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртисни қабул қилди.
 
Давлат раҳбари АҚШ делегациясини самимий қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани ва изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Жорий йил май ойида АҚШга олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.


 
Турли даражадаги алоқалар фаоллашди, самарали сиёсий мулоқот ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алмашувлар жадаллашмоқда.
 
Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
 
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистон билан анъанавий яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани, ушбу мамлакатда тез фурсатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши, изчил тараққиётни таъминлаш тарафдори эканини қайд этди.
 
Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган инфратузилмага оид қатор аҳамиятли лойиҳалар бу жараёнга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
 
Мозори Шариф – Ҳирот темир йўли ва Сурхон – Пули Ҳумри электр узатиш линиясининг қурилиши шулар жумласидан.
 
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми ва транзит юк оқимини оширишга хизмат қиладиган божхона терминалини ўз ичига олган “Термиз-Карго-марказ” халқаро логистика маркази ташкил этилди.
 
Бундан ташқари, Термиз шаҳрида афғон ёшлари таълим олаётган ва касб-ҳунар эгаллаётган Таълим маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда.
 
Учрашувда Афғонистонда тинчлик музокаралари жараёнини бошлашда афғон халқининг бош ва ҳал қилувчи ролини назарда тутган бутун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини янада узвий мувофиқлаштириш, ушбу мамлакатга иқтисодий кўмак лойиҳаларини илгари суришда амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги қайд этилди.
 
Залмай Халилзод ва Лиза Кёртис самимий қабул учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
 
Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қўшни мамлакатлар, жумладан, Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсатига юксак баҳо берилди.
 
Жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунлари афғон масаласини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича кўп жиҳатдан халқаро чоралар йўналишларини белгилаб бергани ва бу борадаги қўшма ҳаракатлар учун асос бўлгани таъкидланди.
 
Томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш мақсадида Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш масалаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этдилар.
 

Теглар:Ўзбекистон-АҚШ Ўзбекистон-Афғонистон Шавкат Мирзиёев Лиза Кёртис Залмай Халилзод 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар