...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тожикистонда собиқ Иттифоқдан қолган жой номларини ўзгартириш бошланди


18:35, 29.09.2016 Олам
 3 406

Ҳукумат мамлакат бўйича 44та “Навобод”, 41та “Гулистон”, 31та “Вахдат” ва 26та “Бўстон” номли қишлоқ борлигини аниқлашди.

Тожикистонда қишлоқ, туман, шаҳар номларини ўзгартириш ҳаракати бошланди.
 
Бунинг дастлабки сабаби давлат ўзинингсобиқ Иттифоқ тузумидаги тарихидан қутулмоқчи. Иккинчидан,  жойларни номлашда кўп ҳолларда бошқа тилдан кириб келган сўзлардан фойдаланилган. Учинчидан, кўплаб қишлоқ ва аҳоли пунктларининг бир ҳил аталиши муаммоси ҳал бўлади.
 
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мамлакатдаги қишлоқлар, туманлар, шаҳарларнинг номлари кўп ҳолларда бир-бирини такрорлайди. Шу билан бирга, айрим жой номлари давлатнинг маданий ўзига хослиги ва миллий қадриятлари даражасига мос келмайди. “Навобод” номи мамлакатнинг деярли барча туманларида мавжуд. Ҳатто, айримларида иккиттадан бор. "Бундай муаммоларни ҳал қилиш лозим”, дейди Тожикистон тил ва типалогия қўмитаси ходими Абдураҳим Зулфониён.
 
“Бизнинг Ҳазрати Мовлоно туманимизда иккита “Навобод” қишлоғи бор. Биттасини “Янги ер” деб атаймиз, иккинчисини эса “Сатторнинг ери” деймиз. Шунинг учун ҳар доим аниқлашга тўғри келади: қайси “Навобод”? Бобо Абдурахмоннинг ерими ё Сатторникими?”, дейди маҳаллий фуқаролардан бири.
  
Тожикистон тил ва типалогия қўмитаси мамлакатда нечта қишлоқ бир хил номланганини аниқлаш мақсадида тадқиқот олиб борди. Рақамлардан  расмийларнинг ўзи ҳам ҳайратга тушди. Маълум бўлишича, мамлакат бўйлаб 44та “Навобод”, 41та “Гулистон”, 31та “Ваҳдат” ва 26та “Бўстон” номли қишлоқ бор. Бу ҳали рўйхатнинг ҳаммаси эмас.
 
“Аслида кўп қишлоқларнинг тарихий номлари бўлган. Уларни қайтадан ўз ном билан аташ лозим ёки жойларга янги ном беришда ўша ҳудуддаги аҳолининг урф-одати, шуғулланадиган машғулоти, ҳунарига қараб ном танлаш керак”, дейди ҳукумат расмийлари.
 
Номларни ўзгартириш кимнинг ҳисобидан ва қанча маблағ талаб этиши ҳозирча номаълум. Лекин бир нарса аниқ, эски номлардан воз кечиш кўп вақт талаб этади ва қийинчиликсиз бўлмайди.
 
Қизиғи шуки, шаҳар, қишлоқ, кўча номларининг шошилинч ўзгартирилиши яна бир хил аталадиган жойлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. 
Мухторбек Абдуллаев

Теглар:Тожикистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!