
Сотиболдиева йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 294 гр оғирликдаги тилла ва кумушдан тайёрланган 87 дона заргарлик буюмларини қўл юклари орасига яширган ҳолда олиб киришга уринган.
Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаролар Отабаева ва Сотиболдиевалар (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) мазкур тартибларни бузишга уринишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ушбу шахслар божхона кўригидан ўтказилганда, уларнинг қинғир қилмишлари фош этилди.
Гап шундаки, Сотиболдиева йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 294 гр оғирликдаги тилла ва кумушдан тайёрланган 87 дона заргарлик буюмларини қўл юклари орасига яширган ҳолда олиб киришга урингани маълум бўлди.
Унинг ҳамроҳи Отабоева ҳам 61 гр оғирликдаги 10 дона тилла тақинчоқларни эгнидаги кийимларининг чўнтакларига яширганча олиб ўтишга уринган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.