Афғонистон фуқаролари педагогика, муҳандис-техник мутахассисликлар бўйича ўқитилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилади ва у Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлаштирилиши белгиланган.
Марказ юридик шахс мақомига эга бўлган давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва бу ерда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Марказ Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазна ҳисобварақларига, миллий ва хорижий валютада банк ҳисобварақларига эга бўлади.
Марказда Афғонистон томони буюртманомаларига мувофиқ гуманитар, педагогика ва муҳандис-техник таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, зарурат бўлганда, таълим йўналишларига Афғонистон томони буюртманомаларига биноан ўзгартириш ва қўшимчалар киритишига рухсат берилган.
Марказнинг асосий вазифаси педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогика технологиялари ва ўқитиш услубларини такомиллаштириш этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази тузилмаси тасдиқланган.
Марказда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида қабул қилинган нормаларга, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ кундузги ҳамда сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.