Айрим ҳолларда қоидабузар ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчиларни ташиш чоғида хавфсизлик камарларидан фойдаланмаганлиги учун жарима миқдори 34 минг 448 сўмни ташкил қилади.
Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган, мажбурий техник назоратдан ўтмаган ёки фойдаланиш тақиқланган транспорт воситаларини бошқариш, ҳаракат даврида шовқин даражаси белгиланган тартибдан юқори бўлган ҳолда жарима миқдори 86 минг 120 сўмни ташкил қилади.
Тормоз тизими, руль бошқаруви носоз бўлган ёки мос келувчи рухсатсиз жиҳозланган ҳоллардаги жарима миқдори 172 минг 240 сўмни ташкил қилади.
Транспорт воситасини бошқариш чоғида телефондан фойдаланганлик учун жарима миқдори энди 344 минг 480 сўм этиб белгиланди. Бу ҳолатнинг такрорий учраши эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробарига, яъни 516 минг 720 сўмга тенг. Ёки 6 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Светафорнинг тақиқланган чироғидан ўтганлиги ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги учун назоратчининг тўхтатиш буйруғига бўйсунмаган ҳолларда ҳайдовчи энг кам ойлик иш ҳақининг 2 миқдоридаги, яъни 344 минг 480 сўм миқдоридаги маблағни тўлаши керак. 1 йил давомида бундай қоидабузарлик такрорланса, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробаригача жарима тўланади. 2 марта жаримага тортилгач, бир йил давомида такрорий қоидабузарлик қайд этилса, 1 йилгача автомашина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.