Ўзбекистонга ташриф буюрган Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олди.
Тошкент халқаро аэропортида Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олди.
Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар Президент Ислом Каримовнинг 2002 йил июль ойида Японияга расмий ташрифи чоғида имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида барқарор ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон раҳбарининг 2011 йил февраль ойида Японияга ҳамда Япония Бош вазирининг 2015 йил октябрда Ўзбекистонга расмий ташрифлари ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтарди.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар муҳим аҳамият касб этмоқда. “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Японияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ташкил этилмоқда. Кунчиқар юрт ижодкорлари мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб келмоқда.
Токиода буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани, Тошкентда Япон боғи ташкил этилгани, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги халқаро маданият карвонсаройига япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма номи берилгани халқларимизнинг маданий яқинлиги ифодасидир.
Делегациянинг ташрифи давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган япон аскарлари дафн этилган хотира мажмуасини зиёрат қилиш, Ўзбекистон Амалий санъат музейи билан танишиш, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида Япониянинг “Драм Тао” ижодий жамоасининг концерт дастури намойиш этилиши белгиланган.