Рустам Миннихонов 23 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
ЎзА хабарида, Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олган.
Татаристон Республикаси президенти Рустам Миннихонов бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Ташриф чоғида Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан танишиши, куннинг иккинчи ярмида меҳмон Тошкентга йўл олиши режалаштирилган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб ўзбекистонликлар билан учрашади, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилади.
Ташрифнинг асосий воқеалари эртага, 25 сентябрга мўлжалланган. Рустам Миннихонов буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўяди.
Шу куни Миннихонов Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган Ўзбекистон–Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашади.