
Бугун Татаристон президенти Ислом Каримов хотирасига ўрнатилган ҳайкал пойига гул қўяди
Татаристон президенти Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар билан танишди. Рустам Миннихонов 24 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган эди.
Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикаси президенти Ўрта Осиёда қурилган биринчи масжид — Ҳазрати Хизр масжидида бўлди.
Шу билан бирга, Рустам Миннихонов Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси, бундан ташқари, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилган.
Кечанинг ўзида Татаристон президенти Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб аҳоли вакиллари билан учрашди.
ЎзА хабарига кўра, бугун, 25 сентябрь куни Рустам Миннихонов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига Тошкент шаҳрида ўрнатилган ҳайкал пойига гул қўяди.
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон–Татаристон ишбилармон доиралари вакилларининг қўшма бизнес-форуми ташкил этилади.
Бундан ташқари, Татаристон президенти Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказади, шунингдек, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.