Рустам Миннихоновнинг Ўзбекистонга ташрифи юқори даражали учрашувлар билан давом этмоқда.
Рустам Миннихонов 24 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган эди.
Кеча, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Татаристон Республикаси президенти Рустам Миннихоновни қабул қилди. Бу ҳақда Президент расмий веб-сайтида хабар берилди.
Шавкат Мирзиёевнинг апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган бўлиб, унга мувофиқ Татаристон ва Россия Федерациясининг бошқа субъектлари билан алоқалар ривожланиб бормоқда.
Икки мамлакат ўртасида савдо ҳажмини ошириш, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги тармоқлари, ахборот технологиялари, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув, сайёҳлик соҳаси ва бошқа йўналишларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.