11 туманнинг ҳар бирига 30 депутат сайланиши белгиланган. Пойтахтда 330 сайлов округи ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари таъсис этилди. Шу вақтгача пойтахт туманларининг фуқаролари бундай имкониятга эга эмас эди. Бу борада адолат тикланиб, Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўзлари сайлаган вакиллари орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик жараёни сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликка, демократик принциплар ва халқаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олиб борилди.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига муносиб номзодлар сараланди. 11 туманнинг ҳар бирига 30 депутат сайланиши белгиланган. Пойтахтда 330 сайлов округи ташкил этилган бўлиб, 885 сайлов участкаси сайлов қонунчилигида назарда тутилган замонавий ахборот-коммуникация воситалари, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Айни пайтда мазкур сайлов участкалари сайловчилар билан гавжум бўлиб бормоқда.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига 1 минг 650 номзод рўйхатга олинган. Жараёнда мамлакатимизда фаолият юритаётган 4 сиёсий партия, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз номзодлари билан фаол иштирок этмоқда.