...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурункали толиқиш: сабаблари, белгилари, энг яхши тавсиялар...


16:42, 02.10.2017 Саломатлик
 14 861

Ўз вақтида қувват олдирилмаган телефон ўчгандан кейин анча вақт “чеҳрасини очмасдан” қувват олгани каби кишилар ҳам “заҳирадаги” ишчанлик қобилиятини ҳадеб ишлатавериши...

Кишиларнинг суткалик ақлий ва жисмоний меҳнати чегараланган. Агар бош мияга “толиқиш сигнали” бериб турилмаса, одам организмида чин маънодаги фожиа юз бериши аниқ.
 
Доимий фаолликда бўлган киши вақти-вақти билан дам олиши, овқатланиши, ухлаши, қисқаси, меҳнат фаолияти ҳамда рўзғор ташвишлари билан боғлиқ кундалик “хавотирлар тўқмоғи”дан бироз чалғиб туриши лозим.
 
Инсоннинг ишчанлик қобилиятини — мобил қурилманинг қувватловчи батарейкасига ўхшатиш мумкин. Ўз вақтида қувват олдирилмаган телефон аппарати ўчгандан кейин анча вақт “чеҳрасини очмасдан” қувват олгани каби кишилар ҳам “заҳирадаги” ишчанлик қобилиятини ҳадеб ишлатавериши — сурункали толиқишга етаклайди!
 
Яхшиямки мия фаолиятида “унутиш” ҳамда “умумлаштириб эслаб қолиш” қобилияти мавжуд. Акс ҳолда бош мия фаолияти, айниқса кўриш, эшитиш, таъм билиш ва доимий мулоқотда бўлишга (фикрлашга) доир қувват, аниқроғи кишининг ҳаётида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тафсилоти хотирасида узоғи билан 3–5 соатлик “муҳрланишга” етган бўлар эди.
 
Одам узоғи билан 3–4 сутка ухламаслиги мумкин, бироқ бу “имконият” тана аъзоларининг, хусусан мия фаолиятининг “емирилиши” эвазига содир бўлади.
 
Сурункали толиқишларнинг йиғиндиси — киши организмида турли касалликлар “ғолиб” бўлишига олиб келади.
 
Келинг, бугун сиз билан сурункали толиқиш белгилари ҳамда уни “бартараф этиш” амалиётига тўхталиб ўтамиз...
 
Сурункали толиқишнинг белгилари:
 
·   жисмоний меҳнатдан тез чарчаш;
·   умумий ҳолсизлик;
·   безовта уйқу;
·   дори­дармонга организмнинг таъсирчанлиги ошиши;
·   кайфиятнинг беқарорлиги (ўзгарувчан кайфият);
·   иштаҳанинг буғилиши;
·   меҳнатга лаёқатнинг сусайиши;
·   оч ва ёрқин рангли кийимларни ёқтирмаслик. 
 
Сизда юқорида келтирилган сурункали толиқишнинг белгиларидан қай бири учрайди?
 
– Ҳеч қайси? Сиз анчайин хотиржам инсон экансиз! Тўғрисини айтганда, Сиз бахтли инсонсиз!
 
– Нима, деярли барчаси? Унда аҳвол чатоқ...
 
 Сурункали толиқишнинг келиб чиқиш сабаблари:
 
·   узоқ вақт давом этган руҳий сиқилиш ва оғир қайғу;
·   оғир жисмоний меҳнатдан зўриқиш;
·   вақтида дам олмаслик (тўйиб ухламаслик ва ухлай олмаслик);
·   ишнинг бир хиллиги (меҳнат фаолиятидан завқ олмаслик, зерикиш, ноиноқ коллектив);
·   доимий шовқин таъсирида ишлаш;
·   ижобий руҳий ҳолатнинг (хурсанд бўлиш, завқланиш, роҳатланишнинг) бўлмаслиги.
 
Хўш, сурункали толиқишнинг сабаб ва белгиларини билиб олдик. Энди унинг нимаси билан хавфли эканлигини кўриб чиқайлик:
 
  • организмнининг ҳаракатчилиги камаяди;
 
  • иммунитетни сусайтиради;
 
  • мушакларнинг толиқиши оқибатида турли жароҳатлар олиш эҳтимоли ошади;
 
  • орттирилган сурункали ҳамда мавсумий касалликларнинг ўтиши (даволаниш жараёни) секинлашади;
 
  • асаб тизими фаолиятида нуқсонлар пайдо бўлади (доимий стресс, жаҳл, жеркиш ва ҳоказолар);
 
  • юрак қон­томир тизимининг фаолияти ёмонлашади.
 
 
Хордиқ чиқариш ва хотиржамлик
 
Уйда: шовқинсиз, ниҳоятда тинч муҳитда ётиб дам олинг. Майин жундан ёки ипак матодан тайёрланган тўшакда оёқларни узатиб ётсангиз (ғужанак бўлиб ётиш ярамайди) мушакдаги оғриқлар кетади ва руҳий зўриқиш йўқолади.
 
Жун мато худди шовқинни каби толиқишни ҳам ўзига тортиб олиш хусусиятига эга. Кечқурун қўл­оёғингизга илиқ ванна қабул қилинг. Уйқудан олдин иссиқ сут ичинг, бу кундузи орттирилган чарчоқни енгади.
 
Ишда: иш фаолиятингиз жисмоний ёки ақлий меҳнатдан иборат бўлишидан қатъи назар тез­тез танаффус қилинг. Ишхонангиз ҳовлисида, балкон ёки дераза ортида чиройли манзара бўлса, бироз ўша томонга қараб хаёл суринг.
 
Бу кичик бир дам олиш билан тенг усул.
 
Овқатланиш...
Ҳўл меваларни истеъмол қилишинигиз мақсадга мувофиқ. Ўта ёғли таомлардан вақтинча тийилиб турганингиз маъқул. Кўпроқ сут ва сут маҳсулотларини исътемол қилиш танингизга қувват бахш этади.
 
Углевод ва оқсилга бой маҳсулотлардан тайёрланган таомлар айнан сиз учун. Фақат тамадди қилишни иложи борича тез­тез, бироқ кам­камдан амалга ошириш тавсия этилади. Шунда сиз организмингизни зўриқтириб қўйишнинг олдини оласиз.
 
Маълум бўлишича, ошхона идишлари: сариқ, қизил ва сарғиш рангларидаги таомларнинг тангга сингиши бошқа, масалан: кўк ва яшил идишлардагига нисбатан анча яхши экан. Шунга ҳам алоҳида эътибор беришингизни сўраймиз. 
 
Ҳис-­ҳаяжон...
Кечқурун илиқ душ қабул қилиб, хушбўй таъмли чой ичинг. Ёки бир қошиқ асал еб, илиб сув билан ичишингиз мумкин. Бу хотиржам ухлашингизга кўмак бўради.
 
Сифатли кофе ёрмасидан бир­икки сиқимини қоғоз халтачага солиб, хона столи устига қўйинг. Ундан таралган ҳид сизга тетиклик бағишлайди ва кайфиятингизни кўтаради.
 
Апельсинни паррак­паррак кесиб, иш столи устига қўйсангиз, офисингиз хушбўй ҳидга тўлиши билан бирга турли асаббузарликларнинг олдини олади.
 
Унутманг, яхши дам — меҳнатга ҳамдам!
Улуғ БЕК

Теглар:Сурункали толиқиш тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!