...
МЕНЮ
ONLINE TV

Статистика қўмитаси “Qalampir.uz” сайтига миннатдорчилик билдирди. Лекин...


12:15, 13.03.2018 Жамият
 3 217

Гарчи хат аввалидаги миннатдорчиликдан кўнглимиз андак ҳузур топган бўлса-да, мактубнинг умумий мазмунидан Қўмита мутахассислари бизнинг мақсад-муддаомизни яхши тушунмаганликларига амин бўлдик.

Хабарингиз бор, сайтимизда 7 март куни “Жаннатдан дараклар”. Статистика қўмитасидан “кутилган” таққос” сарлавҳали мақола чоп этилган эди.
 
Мақолада Статистика қўмитаси сайтида 6 март куни эълон қилинган “Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлида” номли мақоладаги айрим рақамлар танқид остига олинган эди.
 
Куни кеча ушбу танқидий мақола юзасидан Статистика қўмитасининг жавоб хатини олдик. Гарчи хат аввалидаги миннатдорчиликдан кўнглимиз андак ҳузур топган бўлса-да, мактубнинг умумий мазмунидан Қўмита мутахассислари бизнинг мақсад-муддаомизни яхши тушунмаганликларига амин бўлдик.


 
Балки биз мутахассислар фикрларини яна тушунмагандирмиз, балки бирёқламаликка йўл қўйгандирмиз, деган ҳадикда Статистика қўмитасидан олинган жавоб хатини қуйида тўлалигича эълон қилмоқдамиз.
 
Ҳукм чиқариш Сиздан ҳурматли ўқувчилар.
 
“Аввало, Сизнинг статистика соҳасига ва аҳолининг турмуш тарзига бўлган эътиборингиз учун, шунингдек, Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтига қўйилган таҳлилий маълумотлардан фойдалангангиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
 
Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасига кўра, Давлат статистика қўмитаси ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил этиш ва эълон қилиш вазифаларини бажаради.
 
Мазкур қонунга кўра, Давлат статистика қўмитаси иқтисодиётда ва жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришда, жумладан, аҳоли турмуш даражаси кўрсаткичлари бўйича ҳам, статистик маълумотларни шакллантиришда, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар маълумотларига асосланиб, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда статистик ҳисобот шакллари ёки турли кузатувлар орқали маълумотларни олиш ҳуқуқига эга. Маълумотларни “чиройли ёки ўзгартириб кўрсатишга” статистика органларининг ваколати йўқ.
 
Ижтимоий жараёнларнинг аҳоли турмуш даражасига таъсирини ўрганиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қўшимча чораларни ишлаб чиқишда ҳам бевосита юқорида келтириб ўтилган вазирлик
ва идоралар ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслардан олинган маълумотлар билан бирга уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатув натижалари асос бўлиб хизмат қилади.

 
Уй хўжаликларида танлама кузатув ўтказиш услубияти Жаҳон Банки ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комиссиясининг (БМТ ЕИК) тавсияларига асосланган бўлиб, “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси ҳамда “Давлат статистика ишлари дастури”га мувофиқ Давлат статистика органлари томонидан республиканинг барча ҳудудларида аҳоли турмуш даражасини ўрганиш мақсадида ҳар ойда танлама равишда уй хўжаликларида кузатувлар амалга оширилади. Кузатув уй хўжалиги аъзолари билан бевосита сўров (интервью) ўтказиш ва уй хўжаликларида кундалик ёзувлар юритишга асосланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, уй хўжаликлари танлама жадвали махсус дастур ёрдамида тасодифий тарзда, инсон омили иштирокисиз компьютернинг ўзи танлайди. Шу муносабат билан айтишимиз мумкинки, аҳоли турмуш даражаси тўғрисидаги маълумотлар махсус саволномалар орқали уй хўжаликлари ўзлари берган маълумотлар асосида шакллантирилади.
 
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Республикамизнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ривожланиш жараёнларини акс этувчи кўрсаткичларни таҳлил қилиб, маълумотларни эълон қилишда, олдимиздаги масъулиятни оширади. Келажакда Сиз каби давлатимиз равнақига бефарқ бўлмаган журналистлар билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз.
  
Давлат статистика қўмитаси
Аҳоли турмуш даражаси ва кузатувлари статистикаси бошқармаси
Ҳакимов Жавлон Адҳамжонович”
Фирдавс БЕК
 

Теглар:Статистика мақола 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар