Тадбиркорлик субъектлари томонидан вазни 14 575 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Маҳсулотлардан олма, гилос, помидор, пиёз, карам ва кўкат маҳсулотлари Россия Федерацияси, Корея, Латвия, Қозоғистон каби ўн бешдан зиёд давлатларга экспорт қилинди.
Айни кунда ҳам воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти авжида бўлиб, вилоятнинг Косон, Чироқчи, Миришкор ва Ғузор туманларида етиштирилган хуштам қовунлар “Oltin voha agro invest” ва “Gold fruit exim” МЧЖлари томонидан Россия Федерацияси, Латвия ва Қозоғистон Республикаларига жўнатилмоқда. Рақамларга кўра, июнь ойида 149 тонна қовун экспорти амалга оширилган.
“Юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида божхона постимиз томонидан ҳар куни 24 соат давомида божхона расмийлаштирувини амалга оширмоқдамиз”, дейди Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Ғани Бозоров.
Бундан ташқари, экспортёрлар вақтини ва маблағини тежаш учун божхона расмийлаштирувлари интернет тармоғи орқали масофадан туриб онлайн тарзда тезкорлик билан амалга ошириб берилди. Олиб борилаётган бу каби саъйи-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатиб, июнь ойининг ўтган 17 кунида қарийб тўрт минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига эришилди.