Статистика қўмитаси уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида нархлар кўтарилганини қайд этди.
Унга кўра, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб Молия вазирлигининг қарорига асосан Республиканинг барча ҳудудларида электр энергия ҳамда табиий газ учун тўловларнинг ошган нарх тарифлари жорий қилинган.
Статистика қўмитаси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тўловлари мамлакатнинг бешта (Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар) вилоятида кўтарилганини қайд этган.
Жумладан, ўтган ойда суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда қимматлашган.
Бунга сабаб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги “Аҳолига кундалик ҳаётда истеъмол қилиш учун сотиладиган суюлтирилган газнинг республика бўйича ягона чакана нархини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, жоирий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, суюлтирилган газ нархи ўртача 20 фоизга қимматлашганидир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида газ нархи бир нечта таснифларда кўтарилишини маълум қилган эдик.