Соғлиқни сақлаш вазирлиги Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Самарқанд шаҳар 2-сон туғуруқхонасида хизмат текшируви ўтказди.
Маълумотга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Самарқанд шаҳар 2-сон туғуруқхонасида хизмат текшируви ўтказилган. Текширув натижасига кўра, тиббиёт муассасасининг айрим шифокор ва ҳамширалари ўз хизмат вазифаси, аҳоли олдидаги бурчига панжара ортидан қараб келгани, она ва бола саломатлиги, патронаж ишлари суст олиб борилгани аниқланган.
Давлат раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, патронаж ишларини ҳаққоний олиб бориш бўйича берган топшириқларини тўла-тўкис бажармай, камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди.
Жумладан, Пастдарғом туманидаги 28-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Т.Ҳакимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ушбу муассасанинг акушер-гинекологи М.Рашидова, умумий амалиёт шифокори Ш.Муҳиддинова, патронаж ҳамшираси Г.Ҳасанова ва доя Д.Мардиеваларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳар 2-сон туғуруқхона бош врачи И.Ҳазратқулов, гинекология бўлими акушер-гинекологи Д.Ҳасановалар она ва бола саломатлигига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Мазкур туғуруқхонанинг яна бир гуруҳ ходимларига хизмат вазифасини лозим даражада бажармай, бемор соғлигига нисбатан бепарволик билан ёндашгани учун қатъий интизомий чоралар кўрилган.
“Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни, хусусан, бирламчи тиббий-санитарияга бўлган эҳтиёжни қондириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш зарур”, дейилади маълумотда.