Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёда бўлиб, вилоятни ривожлантириш масаласи ҳақида нутқ сўзлаб, раҳбарларнинг масъулиятини оширишга тўхталди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида Сирдарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари умуман қониқарли даражада эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди. У вилоятдаги ўз ечимини кутиб турган масалаларни ҳал этишда вилоят бошқарув тизимидаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини янада ошириш асосий мақсад эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўтган 2 ой мобайнида вилоят фуқароларидан 2 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шулардан 793 таси ижобий ҳал этилган.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида вилоят турмуш тарзини яхшилаш, келгуси тараққиётини юксалтириш мақсадида Боёвут, Гулистон, Сирдарёни мева ва сабзавот, узум маҳсулотлари етиштириладиган туманга айлантирилишини, бу борада халқ депутатлари фаоллиги ва масъулиятини ошириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
2017-2019 йилларда енгил саноат соҳасида умумий миқдори 93 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи 24 та лойиҳа, 2017-2018 йилларда тайёр чарм пойафзаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 8,5 миллион долларлик 14 та лойиҳани бажариш асосий вазифа сифатида белгиланди.