ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммитини ўтказиш вақтида Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилади.
Шу кунларда ШҲТ тадбирлари борасида халқ орасида турли миш-мишлар тарқалди. Кимдир Тошкентга кириш ва чиқиш ёпилиши ҳақида гапирса, кимларда шаҳардаги автотранспорт йўлларида ҳаракат буткул тўхтатилишини тахмин қиляпти. Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳрига кириш-чиқишнинг вақтинча тўхтатилиши билан боғлиқ гап-сўзларга нисбатан мурожаатини чоп этган эдик. Вазирлик Матбуот хизмати ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Саммити ўтказиладиган кунлар автомобилларнинг қатнови тўхтатилиши билан боғлиқ гапларга ҳам ойдинлик киритди.
“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аьзо давлатлар раҳбарларининг Саммитини ўтказиш вақтидагина Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.
Автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиш санаси хамда вақти хақида қўшимча равишда маьлумот бериб борилади.
Шу билан бирга пойтахтда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларининг бузилишини ва йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши ҳолатларини камайтириш мақсадида пойтахтда Ўзбекистон Республикси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда патрул-пост хизмати бўлинмалари томонидан режалаштирилган чора-тадбирларнинг ўтказилиши кўзда тутилган”, дейилади ИИВ хабарида.