Тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада ривожлантириш, хусусан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Бугун, 11 май куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII мажлиси ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ва Беларуснинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда, дейилади ЎзА хабарида.
Форум мажлисининг дастлабки кунида ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтган Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси якунлари муҳокама этилмоқда.
Форум мажлисининг биринчи кунида, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда улар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Мажлисда Ўзбекистон вакиллари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди. Мамлакатимизнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги позициясини, шунингдек, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Мазкур стратегиянинг мақсадлари ШҲТ фаолиятининг хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича асосий йўналишларига мос келиши қайд этилди.
Мажлис иштирокчилари тақдим этилган ахборотни ижобий баҳолади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”лиги тўғрисидаги қатъий позицияси белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада ривожлантириш, хусусан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳамда ШҲТни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилади.