Шунингдек, мажлисда Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган навбатдаги йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси баённомасига асосан Шукурулло Бобоевни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси этиб рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишни комиссия раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошқарди. Йииғилишда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил иккинчи ярмида амалга оширган ишлари ва 2017 йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси муҳокама этилди.
Комиссиянинг 2016 йилнинг иккинчи ярми мобайнидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги сайлов қонунчилиги, Комиссиянинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилди ҳамда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар Дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилди.
Бутун сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралиги бешта халқаро ташкилот ва 46 та давлатдан қарийб 600 нафар кузатувчи, сиёсий партияларнинг 37 мингдан зиёд кузатувчилари ҳамда 615 та миллий ва 272 та хорижий ОАВ, шу жумладан 315 та интернет нашрлари фаол иштирокида таъминланди.
Мажлисда 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови давлатнинг тизими мустаҳкамлигини, ҳокимиятнинг барча бўғинлари, жамият ва халқнинг жипслигини бутун дунёга яна бир бор намоён этгани қайд этилган.
Комиссиянинг 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га мўлжалланган иш режасида сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган.
Шунингдек, мажлисда Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди, дейилади хабарда.