“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида хонанда Шаҳзоданинг “Ўзбегим” номли қўшиғи танқидга учради.
Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов бугунги кун ижрочилари, хонандаларнинг маънавияти ва саёз қўшиқлар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирар экан, хонанда Шаҳзоданинг “Ўзбегим” номли қўшиғига алоҳида тўхталиб, қўшиқ матнини танқид қилди.
“ТВда таниқли хонандалардан бири “25 ёшдасан ўзбегим”, деб қўшиқ куйлаб чиқяпти. Бу шеъриятни тушунмаслик, шоирликдан бехабарлик, менимча. Қандай қилиб ўзбек миллатини 25 ёшдасан дейиш мумкин. Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлди, ўзбек миллатига эмас.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун “Ўзбекнаво”нинг қошида бадиий кенгаш тузилиши, тажрибали шоир ва ёзувчилар, хонанда ва созандалардан иборат аъзолар қўшиқларнинг ҳар бирини синчковлик билан таҳлил қилгач, эфирга берилиши керак”, дейди Қаюмов.
Хонанданинг фикрларини матбуот анжуманида иштирок этганларнинг кўпчилиги маъқуллади. Хусусан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Гулчеҳра Умарова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг фикрларида жон борлигини айтиб, ўзбек миллатининг бой тарихини бу йўсинда куйлаш нотўғри эканини алоҳида таъкидлади.
Маълумот учун, қўшиқ шеъри Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб. Мусиқаси эса Сарвар ва Комилга тегишли.