Улар Тошкентда илк марта ташкил этиладиган “Оммавий Эль-Класико” тадбирида иштирок этади.
Ҳар икки ташкилот ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўтказиладиган турли тадбир, мусобақалар ҳамда семинарларга жамоатчилик эътиборини янада орттириш, қолаверса, икки мамлакатнинг спорт ҳамда санъат намоёндалари ўртасида ҳам яқин алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Испания Ла лигаси билан ҳамкорлик доирасидаги ўз элчиларини тайинлади.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг икки машхур санъаткорлари – хонандалар Шаҳзода ҳамда DJ Piligrim (Илҳом Йўлчиев) Ла лига билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг элчиларига айланди.
Эндиликда Ла лига ҳамда ПФЛ томонидан ҳамкорликда ташкил этиладиган турли спорт тадбирларида Шаҳзода ва DJ Piligrim мунтазам равишда иштирок этади ва ёш авлодни спортга, хусусан футболга меҳр қўйишда ўз хиссаларини қўшади.
Икки санъаткор 28 октябрь куни Тошкентда илк марта ташкил этиладиган “Оммавий Эль-Класико” тадбирида иштирок этади.