Британия тахт вориси кичик ўғлининг тўйи Қироличанинг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан ичимлик ва яхна таомлар ишлаб чиқарувчи Британия компаниялари маҳсулотларини ушбу тантана мавзусига боғлаб чиқара бошлади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Хусусан, “Шаҳзода Гарри ва мисс Меган Маркл тўйи шарафига. Муқаддас Георгия черкови” ёзувлари билан печеньялар пайдо бўлган. Тўй маросими бўлиб ўтадиган Виндзор қасри яқинидаги пиво заводи эса, америка қулмоғи (хмель) билан янги “Виндзор ришталари” деган пиво чиқара бошлаган.
Мутахассислар фикрича, фақатгина ичимлик ва яхна егуликлар мамлакат иқтисодига 108 миллион доллар фойда келтиради. Консалтинг компаниялари эса шаҳзоданинг тўйи Қироллик иқтисодига умумий ҳисобда 608 миллион доллар даромад келтиришини тахмин қиляпти.
Мутахассислар Америкадан келувчи сайёҳлар оқимининг кўпайишини ҳам тахмин қиляпти. Биргина маросим бўлиб ўтадиган кунда Виндзорга 50 минг америкалик, бутун Қироллик бўйлаб эса 350 минг ҳорижлик меҳмон келиши кутиляпти.
Мамлакатга келган сайёҳлардан транспорт ва меҳмонхона хизматидан фойдалангани учун 270 миллион доллар фойда келиши айтилмоқда.
Маълумот ўрнида, шаҳзода Гарри навбат бўйича Буюк Британинг олтинчи тахт вориси ҳисобланади.